Тошкентда автобус йўналишлари мувофиқлаштирилади ва йўловчилар учун маблағни тежаш имкони яратилади

Facebook.com/tshtx саҳифасидан олинган фотосурат

Ўзбекистон ҳукумати Тошкент шаҳар транспортида ҳаракатланиш учун 15, 7 ва 3 кунлик электрон йўл чипталарини тадбиқ этиш бўйича қонун лойиҳасини тайёрлади, дея хабар берилади “Тошшахартрансхизмат” акционерлик жамиятининг Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.

Ушбу қарорнинг амалга тадбиқ этилиши натижасида йўловчилар йўналишдан йўналишга ўтишида ортиқча маблағ сарфламасликлари таъминланади.

Шу билан бир вақтда Транспорт вазирлиги хузуридаги транспорт ва логистика муаммоларини ўрганиш маркази, Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси ҳамда “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ ҳамкорлигида Тошкент шаҳридаги йўловчи ташишнинг ер усти транспорти йўналишларини мақбуллаштириш ишлари кетмоқда.

Мазкур жараёнда асосий эътибор автобус йўналишларини метро бекатларига боғлаш, магистраль йўналишлар ва уларга йўловчиларни олиб чиқувчи ёрдамчи йўналишлар тармоғини яратишга қаратилган. Ушбу ўзгартиришлардан мақсад магистраль йўналишлар ўтадиган кўчалардаги бошқа йўналишлар сонини имкон даражасида камайтиришдир.

Бу биринчи навбатда йўналишларнинг бир бирини такрорламаслигига, қатнов мунтазамлигини таъминлашга хизмат қилади. Қолаверса, бўшаган автобуслар ҳисобидан транспорт воситалари етишмаётган йўналишларни тўлдириш имконини беради. Бу эса қатнов интервалини кескин қисқартириб, йўловчиларнинг ортиқча вақт йўқотишларининг олдини олади.

“Мувофиқлаштириш жараёнида магистраль ва шаҳар марказида қатновчи йўналишларга катта сиғимли, ёрдамчи ва шаҳар четидаги йўналишларга эса йўловчилар оқимидан келиб чиққан ҳолда ўрта ва кичик сиғимли автобусларни бириктириш режалаштирилган”, — дея қайд этади транспорт компанияси.

Экспертлар йўналишларни қайта ташкил қилиш зарурати ҳақида анчадан бери таъкидламоқдалар, негаки жорий тизим умид қилмайдиган даражада эскирган. Натижада, метро автобуслар билан, автобуслар йўналишдаги таксилар билан, йўналишдаги таксилар эса метролар билан бир хил йўналишда қатнаётган, ҳеч ким чиқмайдиган автобуслар ҳаракатланаётган ҳолатга етиб келинди.

Бундан ташқари, Тошкент автопаркларида автобуслар етишмовчилиги муаммоси мавжуд. Тахминий ҳисобларга кўра, Тошкентга турли русумдаги 400-500 та автобус керак.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ