Ўзбекистонда COVID-19 инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича Республика махсус комиссияси амалдаги карантин талабларини 2020 йил 1 июнга қадар узайтирди, дея хабар берилади Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Koronavirus Info Telegram-каналида.
Шунингдек, 2020 йил 18 май кунидан бошлаб Тошкент шаҳридан Нукус, Урганч, Термиз шаҳарларига авиақатновларни (бориш ва қайтиш) тиклаш, Тошкент шаҳридан Навоий, Бухоро, Қарши шаҳарларига “Афросиёб” тезюрар поезди ҳамда Фарғона водийсига темир йўл қатновини (бориш ва қайтиш) қайта йўлга қўйишга рухсат берилади.
Шунингдек, Тошкентда ва Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларидаги “сариқ” тоифадаги ҳудудларда соат 2020 йил 18 майдан бошлаб 06.00дан – 22.00 га қадар бўлган вақт оралиғида автотранспорт воситаларининг махсус рухсатномасиз (стикерсиз) ҳаракатланишига рухсат бериладиган бўлди. Шу билан бирга, “сариқ” тоифали ҳудуд учун белгиланган барча карантин талабларига амал қилиш лозим бўлади.
“Яшил” тоифадаги ҳудудларда барча автотранспорт воситаларининг махсус рухсатномасиз (стикерсиз) кечаю-кундуз 24 соат давомида ҳаракатланишига рухсат берилган; “қизил” тоифадаги ҳудудларда стикерсиз ҳаракатланишига фақатгина куннинг муайян вақтида (07.00 дан – 10.00 гача, 17.00 дан – 20.00 гача) фуқароларнинг иш жойига бориб-келиши, тиббий буюмлар, дори воситалари, озиқ-овқат ва биринчи галдаги маҳсулотларни харид қилиш учун ҳаракатланишига рухсат берилади.
Ички авиа ва темир йўл қатновларининг қисман қайта йўлга қўйилиши ҳақида 13 май куни президент Шавкат Мирзиёевнинг карантин чораларини юмшатишга бағишланган видеоселектор йиғилишида эълон қилинган эди. Бироқ бунинг аниқ санасини белгилаш Республика махсус комиссиясига топширилган.
Ўзбекистонда 14 май соат 23:00 ҳолатида коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 2645 нафарни ташкил қилмоқда (бир суткада ўсиш 33 киши, бундан олдин ўсиш 65 та эди). Ўлганлар сони 11 кишини ташкил этади.
Вазият ўзгаргани муносабати билан Самарқанд шаҳрида ва Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманидаги Улуғбек маҳалласида карантин чоралари кучайтирилди. Навоий вилоятидаги Зарафшон шаҳри “сариқ” тоифали ҳудуддан “қизил” тоифали ҳудудга ўтказилди.