Самарқанд чегарадош туманлар ва йўлдош шаҳарлар ҳисобига кенгайтирилади

Самарқанднинг Беруний кўчасида жойлашган вокзал бозори. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Самарқанд учта чегарадош туман – Пастдарғом, Нуробод, Самарқанд туманлари ҳамда янги мавзелар, “йўлдош шаҳарлар” барпо этиш ҳисобига кенгайтирилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўтказган йиғилишда эълон қилинди.

Бугунги кунда Самарқанд шаҳри аҳолиси 600 мингдан ошди. Ҳозирги уй-жой салоҳияти ва инфратузилма эҳтиёжни қондира олмайди, шунинг учун шаҳар кенгайтирилиши режалаштирилмоқда. Ҳукуматдагилар бу йўналиш вилоят учун яна бир ўсиш нуқтаси бўлади, минглаб иш ўринлари яратилади, деб ҳисобламоқдалар.

Президент саноати орқада бўлган туманларни ривожлантириш, “Ургут” эркин иқтисодий зонасининг Нуробод туманидаги қисмини кенгайтириш бўйича билдирилган таклифларни тинглади.

Йиғилишда вилоятдаги 37 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган тўқимачилик корхоналарининг атиги 48 фоизидан фойдаланилаётган тўқимачилик саноати қувватларининг ишлаш даражасини ошириш, вилоятдаги 2 та пахта-тўқимачилик кластерида юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, Каттақўрғон ва Нуробод туманларидаги 1 минг 200 гектар лалми ва яйлов ерларни Каттақўрғон шаҳри аҳолисига фойдаланишга бериб, 5 минг кишини иш билан таъминлаш вазифаси қўйилди.

Қашқадарё вилоятида саноат ишлаб чиқариш ҳажмининг 75 фоизи республикага бўйсунадиган корхоналарга тўғри келади. Касби, Қамаши, Миришкор, Нишон ва Чироқчи туманларида саноат деярли йўқ. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига вилоят ҳокимлиги билан биргаликда мазкур туманларда саноатни ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Самарқанд ва Қашқадарё вилоятлари мисолида карантин чораларини юмшатиш, иқтисодиёт корхоналарини қайта тиклаш борасидаги ишлар кўриб чиқилди. Мазкур икки вилоятда мамлакатимиз аҳолисининг қарийб 20 фоизи истиқомат қилади, саноат маҳсулотларининг 11 фоизи ишлаб чиқарилади. Камбағал оилалар сони Қашқадарёда 91 мингта, Самарқандда эса 48 мингтани ташкил этади. Бу вилоятларнинг ҳар бирида юз мингдан ортиқ ишсизлар бор. Сўнгги икки ҳафтада карантин талаблари юмшатилиши натижасида Қашқадарё вилоятида 90 фоиз, Самарқанд вилоятида 60 фоиз корхоналар ўз фаолиятини тиклади

Самарқандни кенгайтириш тўғрисида Республика қурилиш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Самарқанд бош режасини тасдиқлаш тўғрисидаги Ўзбекистон ҳукуматининг февраль ойида қабул қилинган қарорида сўз юритилган. Прогнозларга кўра, 2040 йилга келиб шаҳар ҳудуди деярли уч баробарига – 11,2 минг гектардан 30 минг гектаргача катталашади. Шаҳар яқинида жойлашган Жомбой, Янгидарғом, Тойлоқ, Ургут – йўлдош шаҳарларга айланади. Самарқанд аҳолиси икки баробарига кўпайиб, 1,1 миллионга етади.

Самарқандда енгил метро тармоғи қурилиши, арқон йўл тортилиши ва майдони 3,6 квадрат километрга тенг дам олиш ҳудуди барпо этилиши режалаштирилмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ