Ўзбекистонда ички авиапарвозлар тикланади ва “Афросиёб” поездлари қатновлари йўлга қўйилади

«Афросиёб» . Forum.trainz-mp.ru сайти фотоси

Ўзбекистонда Тошкент шаҳридан Нукус, Урганч, Термиз шаҳарларига авиақатновларни тиклаш, Самарқанд, Навоий, Бухоро, Қарши шаҳарларига “Афросиёб” тезюрар поезди ҳамда Фарғона водийсига поезд қатновини қайта йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Олис ҳудудларнинг республика пойтахти билан транспорт алоқасини тиклаш бўйича вазифа республика президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 13 май куни карантин чекловларини юмшатишга бағишланган видеоселектор йиғилишида қўйилди.

Олис ҳудудларнинг пойтахт билан транспорт алоқасини тиклаш жуда долзарб масала бўлиб турибди. Шунингдек, шаҳарлар ичида шахсий автомобиллар ҳаракати бўйича чекловларни бекор қилиш масаласи ўрганилмоқда. Транспорт, Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликларига булар бўйича Республика комиссиясига таклиф киритиш вазифаси қўйилди.

Вилоятлар аро қатновлар тикланадиган аниқ саналар ҳақида гап бўлмади, бироқ Транспорт, Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликларига шаҳарлар ичида шахсий автомобиллар ҳаракати бўйича чекловларни бекор қилиш масаласи юзасидан COVID-19 инфекциясига қарши кураш бўйича Республика комиссиясига таклиф киритиш вазифаси қўйилди.

Карантин талабларини янада юмшатиш ҳудудлар раҳбарларининг таклифларидан келиб чиқиб амалга оширилмоқда. Хусусан, “яшил” ва “сариқ” ҳудудларда санитария-гигиена талабларига қатъий амал қилган ҳолда хизмат кўрсатиш турларига босқичма-босқич рухсат бериш мумкинлиги белгиланди.

Ўзбекистонда вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар карантин тоифалари бўйича учта ҳудудга бўлинди. Ҳудудларнинг тоифаларга қараб рухсат берилган хизматлар турлари белгилаб берилди. Мисол учун, “яшил” ҳудудларда “сариқ ” ҳудудларга нисбатан кўпроқ хизмат турларига рухсат берилади, “қизил” тоифадаги ҳудудларда эса бундай хизмат турлари чекланган бўлиб қолади.

COVID-19 коронавирус инфекциясидан деярли ҳоли бўлган яшил тоифага Навоий, Жиззах ва Қашқадарё вилоятлари киритилди. Беморлар қолаётган ҳамда коронавирусга янги чалинишлар ҳолатлари икки ҳафтадан бери қайд этилмаётган ҳудудлар сариқ тоифага киритилди. Бу тоифага Сурхондарё, Хоразм ва Тошкент вилоятлари киритилган. Қолган вилоятлар, шу жумладан, Қорақалпоғистон республикаси қизил тоифага киритилган.

11 майдан бошлаб туман ва шаҳарлар ҳам рангли тоифаларга ажратиладиган бўлди. Тошкент вилоятидаги Янгийўл шаҳри, Янгийўл, Оққўрғон, Зангиота ва Паркент туманлари қизил тоифага киритилди. Тошкент, Ангрен ва Чирчиқ шаҳарлари, Бекобод, Қибрай, Қуйи Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ, Чиноз, Юқори Чирчиқ ва Тошкент туманлари сариқ тоифага, Олмалиқ, Оҳангарон, Бекобод ва Нурафшон шаҳарлари, Оҳангарон, Бўстонлиқ, Бўка ва Пскент туманлари яшил тоифага киритилди.

Ўзбекистон вилоятлари ўртасидаги юк ташувчи транспортлардан ташқари барча турдаги транспортларнинг ҳаракати, 27 март кунидан тўхтатиб қўйилган. Uzbekistan Airways ва «Ўзбекистон темир йўллари» компаниясининг ички рейслари 24 мартдан бошлаб тўхтатиб қўйилган. Ўша санадан бошлаб Тошкентдан вилоятларга автобус қатновлари ҳам тўхтатиб қўйилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ