Ўзбекистонда кичик бизнес ва фермер хўжаликлари учун ижтимоий солиқ ставкалари пасайтирилади ҳамда кичик бизнес вакиллари, якка тартибдаги тадбиркорлар келгуси 120 кун давомида ер ва мол-мулк солиғидан озод этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев йиғилишда билдирди.
Кичик бизнес ва фермер хўжаликларига ижтимоий солиқ ставкаси май-июль ойларида 12 фоиздан 1 фоизга туширилади. Бунинг натижасида 260 мингдан зиёд корхона ва фермер хўжаликлари жами 650 миллиард сўм маблағларни тежаган ҳолда, уларни сармоя ва айланма маблағ сифатида ишлатиш имконига эга бўлади.
Кичик бизнес вакиллари, якка тартибдаги тадбиркорлар келгуси уч ой давомида ер ва мол-мулк солиғидан озод этилади. Бунинг ҳисобига 50 мингдан ортиқ тадбиркор 300 миллиард сўмни (29,6 миллион АҚШ доллари) тежайди ва уларнинг айланма маблағи кўпаяди. Шунингдек, аввалги қарорга асосан, апрель-май ойларида 1 мингдан зиёд тадбиркорнинг ер ва мол-мулк солиқлари ва пенялари бўйича кечиктирилган 80 миллиард сўм (7,9 милилон АҚШ доллари) тўловлари кечиб юборилади.
Тадбиркорларга божхона тўловларини 120 кунгача кечиктириб тўлашга рухсат берилади. Бу уларга жами 540 миллиард сўмни тежаш ҳамда ушбу маблағларни ўз бизнесини ривожлантиришга йўналтириш имконини беради.
Эҳтиёжманд оилаларни янада қўллаб-қувватлаш мақсадида нафақа олувчи оилалар сони қўшимча 70 мингтага ёки 10 фоизга кўпайтирилиб, бюджетдан яна 200 миллиард сўм ажратилади.
Илгари ставкаси 22 фоизгача бўлган инвестиция кредитлари бўйича фоизлар қисман давлат томонидан қоплаб берилган бўлса, энди ставкаси 26 фоизгача бўлган кредитларнинг фоизлари ҳам қисман қоплаб берилади. Бундан ташқари, тадбиркорларга айланма маблағларини тўлдириш учун 500 миллиард сўмгача (илгари 10 миллиард сўмгача) берилган кредитлар бўйича компенсация миқдори 5 фоиздан 10 фоизга оширилади.
Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида жорий қилинган аҳолига якка тартибда уй-жой қуриш ва таъмирлаш учун кредит бериш тажрибаси Тошкент шаҳрида ҳам татбиқ этилади. Шу орқали пойтахтда қарийб 10 мингта мавсумий иш ўринлари яратилади.
Марказий банк томонидан республика банкларига карантин киритилиши туфайли моддий зарар кўрган жисмоний шахслар ва компанияларга 1 октябргача кредит таътилларини беришни ҳамда кредит бўйича гаровга жарималар ҳисобламасликни тавсия қилди.
Пандемияга қарши кураш ҳамда аҳоли ва корхоналарни қўллашга Инқирозга қарши кураш жамғармасидан 3 триллион сўм ажратилди. Бундан ташқари, иқтисодий фаолликни таъминлаш учун умумий қиймати 1 триллион сўмдан зиёд бўлган янги инвестиция лойиҳалари бошлаб юборилди. Мамлакатда пандемияга қарши кураш учун тузилган жамғарма тасарруфига 1 миллиард АҚШ доллари ажратиб берилган.