Жорий йилнинг 14 майидан Россияда истиқомат қилаётган алоҳида тоифадаги Ўзбекистон фуқаролари учун элчихонада йиғилган спонсорлик маблағлари ҳисобидан моддий ёрдам берилади. Бериладиган ёрдам пули Россиядаги минимал иш ҳақи – 12 130 рубль ($170 га яқин) суммасида бўлади, дейилади элчихонанинг Facebook саҳифаси орқали берган хабарида.
Ёрдам пули — ногиронларга, болалари икки ёшга тўлмаган аёлларга, ҳомиласи етти ойдан ошган ҳомиладор аёлларга, Россия олий ўқув юртларининг кундузги бўлимида ўқийдиган талабаларга, шунингдек, COVID-19 га чалинган фуқароларга берилади. Пул шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар– гувоҳнома, ўқиш жойидан ёки тиббиёт муассасидан берилган баённома, боланинг Туғилганлик гувоҳномаси нусхаси ва бошқа ҳужжатлар тақдим қилинганда берилади.
Моддий ёрдам олиш учун Россия Федерациясидаги Ўзбекистон элчихонасининг ўзбек рус тилларида чоп этилувчи мехр.рф сайтига ариза бериш лозим.
Дипломатлар элчихонада очилган ҳайрия ҳисоб рақамига маблағ ўтказган барча спонсорларга ўз миннатдорчилигини исҳор қилади. Молиявий кирим ва ҳаражатларнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида дипмиссия ҳар ҳафтада ўзининг сайтида ва ижтимоий тармоқларда маблағларнинг сарфланишига доир маълумотларни бериб боради. Апрель ойи ўртасида Ўзбекистон элчихонаси кўмаги билан ватандошлар «Саҳоват» кўмак марказини ташкил қилдилар. Ташкилотнинг асосий мақсади пандемия туфайли оғир аҳволга тушиб қолган ҳамюртларга озиқ-овқат маҳсулотлари ёрдамини кўрсатиш эди.
Россия президенти Владимир Путин март ойи охирида мамлакатда ишдан ҳоли вақт режимини жорий этди. Кейинчалик у икки марта узайтирилди ва 12 май куни режим бекор қилинди.
Ишсиз қолиб кетган меҳнат мигрантлари жамоат ташкилотлари орқали РФ ҳукуматига мурожаат қилиб, мазкур режим даврида патент тўловларини бекор қилинишини сўрадилар. Апрель сўнггида Россия ҳукумати чет эл фуқароларига 2020 йилнинг 15 мартидан 15 июнига қадар патентга тўлов ўтказмасликка расман рухсат берди.