Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги Американинг “BLUESTONE FINANCIAL GROUP INC.” молиявий компаниясига қимматли қоғозлар бозорида инвестиция воситачиси, инвестиция маслаҳатчиси ва инвестиция активларининг ишончли бошқарувчиси сифатида профессионал фаолиятларни амалга ошириши учун лицензиялар берди. Мазкур лицензиялар BLUESTONE инвестиция банкининг Ўзбекистондаги фаолиятини тўлиқ тартибга солади. Бу ҳақда агентликнинг матбуот хизмати хабар беради.
Bluestone — ўз фаолиятини Марказий Осиё бозорига йўналтирган инвестиция банки ва брокерлик компанияси ҳисобланади. Банк тақдимотига кўра, у минтақадаги компаниялар учун капитал йўналтириш, халқаро корпорацияларнинг маҳаллий борзорга киришига кўмаклашиш, глобал инвесторлар учун савдо ва шартномалар тузиш бўйича комплекс хизматларни таклиф этади. Bluestone қимматбаҳо қоғозлар савдоси, қарз ва акциялар бозори, бирлашиш ва эгалик қилиш, хусусийлаштириш, реструктуризация ва рекапитализация бўйича мутахассисликка эга. Банкнинг Нью-Йорк ва Тошкентда офислари бор.
«Ўзбек бозорига биринчилардан бўлиб кириб келган американинг Bluestone инвестиция банки Шимолий Америка ва Европанинг капитали, илғор тажрибаси ва экспертлар билимини ўзбек бозорига олиб киради», — дея Капитал бозорини ривожлантириш агентли матбуот хизмати хабаридан иқтибос келтиради Spot.
Bluestone компанияси муассиси ва президенти Куинн Мартиннинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда Bluestone «Ғарб капитали, илғор тажрибаси ва минтақадаги хусусий ва давлат корхоналари ўртасидаги ҳалқа» вазифасини ўтайди. Компания келгусида «Тошкент» республика фонд биржасига аъзо бўлишни режалаштирган.