Бош прокуратура қувасойлик йигитнинг орган ходимлари калтаклаши оқибатида ўлгани тўғрисидаги хабарни инкор қилади

Kun.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон Бош прокуратураси Қувасой ички ишлар бўлимида калтакланган йигитнинг вафот этгани тўғрисидаги хабарни инкор қилади. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизматига таяниб Gazeta.uz хабар беради.

«Озодлик» радиоси 25 ёшли Мирзоҳид Йўлдошевнинг Қувасой туман ички ишлар бўлимида калтакланиб ўлгани ҳақида хабар берганди. Нашр йигитнинг қариндошлари, касалхона ва органдаги манбаларига таяниб ушбу маълумотни тарқатган. Бош прокуратура Юлдашевнинг бу тарзда вафот этгани хабари ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилади. Ташкилот хабарига кўра, йигит ҳозир Қувасой шаҳар шифохонасида даволанмоқда.

Бош прокуратурадагилар 4 май куни Йўлдошевнинг опаси акасини ўғирликда гумон қилиб калтаклаган ИИБ ходимларига нисбатан чора қўрилишини сўраб мурожаат қилганини маълум қилади. Ташкилот Юлдашев олган тан жароҳати борасида суд тиббий экспертизаси ўтказилишини ва орган ходимларига нисбатан хизмат текширувини тайинлаган.

Фарғона вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳам Йўлдошевнинг тирик экани, воқеа юзасидан хизмат текшируви бошланганини маълум қилади. Бундан ташқари, Йўлдошев процессуал нормалар доирасида сўроқ қилингани, унга нисбатан ноқонуний ҳаракатлар қилинмагани айтилади. Мурожаатда буни ИИБ ходимларининг тергов ҳаракатига оид видеоёзув тасдиқлаши айтилади.

«Озодлик» фаразига кўра, милиция ходимлари Йўлдошевни бир кун ушлаб туришган, Қувасой ИИБ бошлиғи Элёр Ғаниев бўйруғи билан йигитни қийноққа солишган. Номи ошкор бўлишини хоҳламаган манбага кўра, ҳибсга олинган йигитни оёқ ва қорнига тепишган, кейин дарс кўтариб бетон полга ташлашган. Оқибатда Йўлдошевни орқа умуртқаси ва тос қисми синган. Бу ташхисни 5 майга ўтар кечаси ИИБга чақирилган тез ёрдам докторлари қўйган. Бироқ, Ғаниев ва жиноят қидирув бўлими бошлиғи Акмал Қўчқоровнинг босими остида врачлар «Йўлдошев кўнгли беҳузур бўлиб тоби қочган» деган ташхисни қўйганлар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ