Россия дунёда коронавирусни юқтирган одамлар сони бўйича учинчи ўринни эгаллади. Бу ҳақда касаллик тарқалишига доир расмий маълумотга таяниб, РИА Новости агентлиги хабар беради.
11 май маълумотига кўра, Россияда 221,3 мингта одамда коронавирус борлиги аниқланган. Бу Италия (219 минг) ва Буюк Британия (220 минг) кўрсатгичидан юқоридир. Ҳозирда инфекция бўйича дунёда иккинчи ўринни Испания (224 минг), биринчи ўринни – АҚШ (1,3 млн) эгалламоқда.
Сўнгги кун Россияда коронавирусга чалинган 11,6 мингта одам аниқланган, уларнинг деярли тенг ярмида касалликнинг клиник белгилари кўринмаган. 94 та одам ўлгани қайд этилган (коронавирусдан ўлган россияликларнинг умумий сони 2 мингта одамдан ошиб кетди). Соғайганлар сони 5,4 минг кишини ташкил этади (жами касалликдан 39,8 минг одам тузалган).
Россияда коронавируснинг тарқалишини олдини олиш мақсадида ишсизлик вақти режими жорий этилган. У бир неча бор узайтирилиб, ҳозирги кунда ҳам амалда.
Москва шаҳри ва вилояти билан бараварига Россиянинг бошқа регионларида ҳам карантин чоралари кўрилган – ҳаракатланиш, хизмат кўрсатиш соҳаси фаолияти, умумовқатланиш масканлари фаолияти, оммавий тадбирлар ва ҳ.к чекланган.
Регионларда жорий этилган чеклов чоралари бир-биридан фарқланади. Айрим ўлкаларда карантин юмшатилиб, саноат корхоналари, қурилиш, маиший хизмат (сартарошхона) соҳаси фаолияти қисман жонлантирилди. Коронавирус қайд этилмаган Чукотка ўлкасида эса кинотеатрларни очиш қарори қабул қилинди.
Ҳукумат иқтисодни қўллаб -қувватлаш учун бюджетда 1,4 трлн рубль ($18,7 млрд) миқдорида захира пули йиққан. Кичик ва ўрта бизнес учун имтиёзли кредитлар берилиши маълум қилинган. Online Market Intelligence (OMI) тадқиқот компанияси ва «Платформа» ижтимоий лойиҳалаштириш марказининг маълумотига кўра, кризис сабаб ишлаётган 50% россияликлар даромадининг камайиб кетганини ҳис қилганлар.