Роналду Ўзбекистон ММА ассоциациясини реклама қилган

Роналду Ўзбекистон ММА футболкасида болалари билан ўзини четлатиш тартибида. Спортчининг Instagramдаги фотосурати

Португалиялик футбол юлдузи Криштиану Роналду 7 май куни ўзининг Instagram саҳифасида Ўзбекистон ММА ассоцияси футболкасидаги суратини жойлаштирган. У футболкани бепул кийган ва буни атайин қилмаган, деб ушбу ҳолатга ойдинлик киритади Kun.Uz ва Repost.Uz нашрлари.

Футболка ўзбек спорт мухлислари эътиборига тушиб қолган. Унинг ўз уйида тўртта болажон билан «The greatest love...» («Энг катта муҳаббат») изоҳи билан чоп этган суратига Ўзбекистон ММА ассоциацияси шундай пост қолдирди: «Криштиану Роналду UMMAA.uz футболкасида. Ҳар доимгидек у тўғри танлов қилди». Аралаш жанг ассоциациясининг раҳбари ҳам ушбу суратни ўз аккаунтига жойлаштирган.

Шундан сўнг, Роналдунинг Ўзбекистон ММА иттифоқи билан қандай алоқаси бўлиши мумкин деган таҳмин пайдо бўлган. Шунингдек, бу катта пул тўланган реклама экани ҳақида тахминлар билдирилди. Чунки одатда жаҳон юлдузлари бирор бренднинг кийимларини реклама шартномаси асосида кийишади.

ММА ассоциацияси «Ювентус» форвардининг рекламага алоқаси йўқлигини, ташкилотнинг бундай реклама шартномаси учун пули йўқлиги ва пул бўлганда рекламага футболчи эмас, аралаш жанг спорти юлдузини таклиф этишини маълум қилди.

UMMAA учун реклама услубини ишлаб чиқувчи бренд агентлиги Роналдунинг шунчаки унга бепул тақдим этилган футболкани кийиб олганига аниқлик киритади. Февраль ойида UMMAA учун янги логотипли брендбук ишлаб чиқилган, футбол юлдузи эса эски брендли футболкада экани айтилади.

«Тайёр брендли маҳсулотларимизни спорт юлдузларига юбориш фаолиятимизнинг бир қисми саналади. Албатта, бунда маҳсулотимизни кийиш мажбурияти қўйилмайди, негаки юлдузларга бу борада пул тўланмайди. Бу қўшимча хизмат ва керакли сарф-ҳаражатнинг бир қисми ҳисобланади. Бироқ, Роналду мисолида « отилган ўқ нишонга теккан»— дейди агентликнинг стратегия бўйича директори.

«Биз шундай бўлиб чиққанидан хурсандмиз, табиийки бу учун пул тўланмаган. Суратга эътибор билан қаранг: бу реклама постига ўхшайдими? Рекламанинг асосий қисмини Криштианунинг болалари тўсиб қолган ва спортчи қўлидаги логотип эса қийинчилик билан ўқилади. Бу оилавий, гўзал бир фотосурат, айтганча, болажонлар кийган футболкалардан бирида Nike ёзуви кўзга яққол ташланиб турибди», — дея қўшимча қилди у (Роналду американинг Nike компанияси билан 2016 йили бир умрлик шартномани имзолаган).

Kun.Uz нашрига ташкилот вице-президенти Шерзод Тошматов ҳам шу каби тахминни илгари суради. «Суратда Роналду бизнинг эски логотипимиз туширилган футболкани кийган. Февраль ойида янги логотипни эълон қилгандик ва агар Роналдуга пул тўлаган бўлсак, у янги логотипдаги либосни кийган бўларди. Роналду қолган кўплаб жаҳон спорти вакиллари қаторида бизнинг бренд чиқарган футболкани совға сифатида қабул қилган. Биз кўплаб юлдузларга совға юборганмиз ва уларнинг ҳеч бирига уларни қандайдир ҳолатда кийиш мажбуриятини қўймаганмиз. Роналду бизнинг футболкани кийишга қарор қилибди ва бу жуда ажойиб. Суратда логотипимиз тўлиқ кўринмаган бўлса-да, буни кўриш ёқимли бўлди», — дейди Тошматов.

Ўзбекистонда Аралаш жанг санъати ассоциацияси 2019 йили тузилган (23 октябрла рўйхатга олинган) ва уни мамлакат президентининг куёви Отабек Умаров бошқаради. Ташкилот спортчиларга ёрдам бериш, шунингдек ушбу спорт турини ривожлантириш учун спонсорларни жалб қилиш ишлари билан шуғулланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди

  • Таъсир доираси ўз ватани сарҳадларидан ошиб ўтган турк илоҳиётчиси Фатҳуллоҳ Гулен аслида ким бўлган?

  • Ўзбекистондаги сиёсий партиялар парламент сайловларида илгари сураётган дастурларини тақдим этди