Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги “Toshkent Savdo markazi” мажмуасиини E-Ijro онлайн-аукцион орқали сотувга қўйишини маълум қилди. Бу савдо маркази илгари Turkuaz номи остида ҳам фаолият юритиб келган. Объектнинг бошланғич нархи 303,5 миллиард сўм (30 миллион АҚШ доллари атрофида) миқдорида белгиланган.
Умумий майдони 40 минг квадрат метрдан зиёд савдо маркази Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманида, Чорсу майдонидаги пойтахтнинг машҳур бозори рўпарасида жойлашган. Илгари советлар даврида бу бинода Бош универмаг (ГУМ) жойлашган эди.
Turkuaz савдо маркази ўз ишини 2004 йилда, туркиялик тадбиркор, Gunes Tekstil Konfeksiyon Sanayi ve Ticaret Ltd. компаниясининг раиси Ваҳид Гунеш раҳбарлиги остида бошлаган эди. Ушбу савдо маркази 2011 йида Ўзбекистон қонунчилигининг кўплаб моддаларини бузишида айбловлар билан ёпиб қўйилган, Ваҳид Гунешнинг ўзи эса қамоққа олинган эди. У ва етти нафар тадбиркорлар солиқ тўлашдан бўйин товлаш ҳамда “яширин иқтисоднинг ривожланишига ҳисса қўшиш”да айбдор деб топилди. Бизнесменлар жазога ҳукм қилиндилар, бироқ ўша заҳотиёқ амнистия қилиниб, мамлакатдан чиқариб юборилдилар.
Кейинроқ эса Ваҳид Гунеш халқаро арбитраж судига мурожаат қилиб, Ўзбекистон ҳукуматидан мусодара қилинган мулкини қайтариб беришни талаб қилди. Трибунал етти йил давом этган суд текширувларидан сўнг 2019 йилда қарор чиқариб, Ўзбекистон ҳукуматига Gunes Tekstil Konfeksiyon Sanayi ve Ticaret Ltd ширкатига 40 миллион АҚШ доллари миқдорида товон пули тўлаб бериш мажбуриятини юклади. Даъво аризасида гарчи 180 миллион ундириб бериш талаб қилинган бўлса ҳам, Ваҳид Гунеш суд қароридан рози эканлигини билдирди.
2017 йил 15 ноябрда савдо маркази “Savdo Toshkent markazi” номи остида ўз фаолиятини қайта бошлади, унда маиший техника, эркаклар ва аёллар либослари ҳамда болалар учун товарлар жойлаштирилди.
2020 йил 12 февраль куни “Gunes Tekstil Konfeksiyon Sanayi ve Ticaret Ltd ва бошқалар Ўзбекистан Республикасига қарши” иши жавобгарнинг ташаббуси билан қайта кўрила бошланди.