Усманов Сардоба сув тошқинидан жабрланганларга 15 миллион АҚШ доллари ўтказиб берди

Алишер Усманов . Кадр "Ўзбекистан 24" каналидан олинган

Келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган россиялик тадбиркор Алишер Усманов 15 миллион АҚШ долларидан зиёд пул маблағини Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборининг тўғони ўпирилиши ортидан юзага келган сув тошқинидан жабрланган ўзбекистонлик ва қозоғистонликларга хайрия қилди.

Қозоғистоннинг Туркистон вилояти ҳокимлигининг сайти маълум қилишича, “Туркистон” ижтимоий ривожланиш жамғармаси ҳисобига ўтказилган 5,2 миллион АҚШ доллари миқдоридаги пул Мақтаарал туманида кўчирилган 5202 оиланинг шахсий ҳисоб рақамларига ўтказиб берилади.

Яна 10 миллион АҚШ доллари Усмановнинг ватанидаги сув тошқини оқибатларини тугатишга йўналтирилади, дея хабар беради ЎзА. “Болалигим ва ёшлик йилларим ўтган она юртимдаги ака-укаларим ва опа-сингилларим билан ҳозирги эпидемиологик қийинчиликларга шерик бўлар эканман, Сардоба сув омборида содир бўлган фожиа ҳақидаги хабарни, шунингдек, уни одамларимиз муносиб ва мардона қабул қилганлигини қалбимда оғриқ билан ҳис қилдим”, дея ёзади у президент Шавкат Мирзиёевга.

“Муқаддас Рамазон ойида Аллоҳнинг ўзи мени Ватанимга чорлади, зеро бу кунларда биз ёрдамга муҳтож одамларга алоҳида ғамхўрлик қилишимиз ва кўмак беришимиз керак. Биз қувончли дамларда ҳам, бошга ғам-ташвиш тушганда ҳам, бир-бирмизни елкама-елка туриб қўллаб-қувватлаймиз. Мен халқимизнинг тақдирига бефарқ қараб тура олмайман ва шу сабабли сув тошқинидан жабрланганлар турмушини тиклаш ва яхшилаш, талафот оқибатларини тезкорлик билан бартараф этишга ёрдам кўрсатиш учун 10 миллион доллар бераяпман. Мен халқимизнинг дуоларига қўшилиб, уларнинг бошига тушган кутилмаган синовлардан тезроқ халос қилишини Аллоҳдан сўраб қоламан”, — дейилади тадбиркорнинг баёнотида.

Ўзини яккалатиш тартибидаги ҳаётини Ўзбекистонда ўтказишга қарор қилган Усманов олдинроқ коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича амалга ошириладиган ишлар учун пул ажратиб берганди. У таъсис солган USM холдинги акциядорлари 2 миллиард рубль (25 миллион АҚШ доллари атрофида) пулни коронавирусга қарши кураш бўйича Россия оператив штабига йўналтирганлар. Шунингдек, улар аввалига 20 миллион ва кейинроқ яна 5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги пулни Ўзбекистонга коронавирусга қарши кураш учун ажратиб бердилар.

Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Жамшид Қўчқоров “хайрия учун ажратилган ҳар бир сўм учун тенг миқдорда бўлган солиқни камайтириш, банк хизматларидан фойдаланиш бўйича турли имтиёзлар тақдим этилади”, деб ишонтирган. Республика президенти Шавкат Мирзиёев тадбиркорларни аҳолига кўмак беришга чақира туриб, кўрсатилган ёрдам ҳажмига мос равишда солиқ, кредит ва зарур ресурсларни тақдим этиш каби имтиёз ва префиренциялар билан қўллашни ваъда қилган эди.

Ўзбекистоннинг Сирдарё вилояти ҳудудида жойлашган Сардоба сув омборининг тўғон участкаси 1 май куни эрта тонгда ўпирилиб кетган. Бунинг оқибатида маҳаллий ҳокимият органлари 85 мингдан зиёд аҳолини хавфсиз ҳудудларга кўчиришга мажбур бўлдилар. Элликдан зиёд одам турли оғирликдаги жароҳатлар билан шифохоналарга ётқизилган, тўрт киши ҳалок бўлган ва бир киши бедарак йўқолган. Ўзбекистон содир бўлган техноген фалокат учун қўшни Қозоғистондан узр сўраган ҳамда махсус техника ва мутахассисларини жўнатган.

Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, сув тошқини оқибатида 99 та кўп қаватли турар жой бинолари қисман шикастланган. Давлат сув тошқинидан жабрланган ҳар бир қозоғистонликка 100 минг тенге миқдорида (240 АҚШ доллари) товон пул ажратиб берди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди

  • Таъсир доираси ўз ватани сарҳадларидан ошиб ўтган турк илоҳиётчиси Фатҳуллоҳ Гулен аслида ким бўлган?

  • Ўзбекистондаги сиёсий партиялар парламент сайловларида илгари сураётган дастурларини тақдим этди