Қирғизистон билан Ўзбекистон анклави чегарасида можаро содир бўлди

Қирғизистонлик чегарачилар. KNews фотоси

Қирғизистон ва Ўзбекистонга қарашли Сўх анклави чегарасида можаро содир бўлди. Бу ҳақда 5 май куни “Азаттиқ” радиоси хабар берди.

Инцидент 1 май куни соат 20.00 атрофида содир бўлди, бироқ бу ҳақда энди маълум бўлди. Қирғизистон Давлат чегара хизматининг билдиришича, Ўзбекистон фуқаролари Қирғизистоннинг яйловларига ўтмоқчи бўлишган, бироқ чегарачилар уларни ўтказмаган. Тез орада анклавда истиқомат қиладиган одамлардан 50-60 нафари чегара заставаси олдига келиб тош ота бошладилар. Чегарачилар бунга жавобан осмонга қарата бир неча марта ўқ уздилар. Шундан кейин ҳужум қилаётганлар чекиндилар.

Қирғизистоннинг чегара олди Апқан қишлоғида яшайдиган Жамалидин исмли одамнинг журналистларга айтишича, Ўзбекистон фуқаролари қўшниларнинг яйловига ўтишга уринган эмас, балки ўтиб бўлиб, чорваларини ўтлата бошлаганлар ҳам. Шу билан бирга, Сўхда истиқомат қилувчи Фарҳод Сафаровнинг билдиришича, унинг ҳамқишлоқлари бу ўтлоқдан доим фойдаланиб келганлар.

Шундайми ёки бошқачами, чегарачилар ҳам, сўхликлар ҳам можаро ортда қолди ва чегарадаги вазият барқарорлашди деб айтдилар. Содир бўлган ҳодисадан сўнг Сўх ва Қадамжой туманлари ҳокимлари иштирокида музокара ўтказилди. Чегарачиларнинг ҳаракатлари қонуний дея тан олинди, Ўзбекистон томони аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари ўтказадиган бўлди.

Қирғизистоннинг Суу-Баши қишлоқ округининг раҳбари Қудайберди Қозуевнинг билдиришича, содир бўлган ҳодисадан сўнг Ўзбекистон томонидан Апқан овулига оқиб келадиган сой сувнинг ҳажми кескин равишда камайиб кетди. Буни қандай уюштирган бўлишлари мумкинлигини Қозуев билмайди. Лекин, унга кўра, музокаралардан сўнг сув ҳажми илгариги ҳолатга қайтган.

“Азаттиқ” қайд этишича, шу вақтнинг ўзида Сўх анклави ва Чарбақ қишлоғи аҳолиси ўртасида яна бир можаро ҳақидаги хабарлар пайдо бўлган. Бироқ мазкур инцидент ҳақида маълумотлар кам. Баъзи маълумотларга кўра, икки қишлоқ одамлари ўртасида йўлда амалга оширилаётган ишлар туфайли жанжал чиққан, бошқасида айтилишича эса, жанжалнинг сабаби Ўзбекистон томонига водопровод қувурининг ётқизилишида бўлган. 2013 йилда Чарбақда катта жанжал бўлган ва шу туфайли Сўхни Ўзбекистоннинг қолган ҳудудлари билан боғлайдиган йўл ҳамон ёпиқ қолмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ