Ўзбекистонда сув тошқини пайтида тўрт киши ҳалок бўлди ва бир киши дараксиз йўқолди

Сардоба сув омборининг тўғони ўпирилганидан сўнг. Ozodlik.org сайти фотоси

Ўзбекистоннинг ғарбий қисмида Сардоба сув омбори тўғонининг ўпирилиши натижасида содир бўлган сув тошқини пайтида ҳозиргача тўрт нафар фуқаро ҳалок бўлган ва яна бир нафари бедарак йўқолгани аниқланди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти 5 май куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида маълум қилди.

Ҳалок бўлганлар орасида, дея аниқлик киритди президент, Миллий гвардиянинг икки нафар ходими бор. Уларни “аҳолини хабардор қилиш ва қутқарув ишларини олиб бориш жараёнида кучли сув оқими олиб кетган (олдин бир нафар ҳалок бўлган миллий гвардияси ҳақида хабар берилганди). Улар ўз жонини фидо қилиб, юзлаб, минглаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолишди”, — деди президент ва ҳалок бўлганларнинг яқинлари ва оила аъзоларига ўзининг чуқур ҳамдардлигини билдирди.

Президент Бухоро ва Сирдарёдаги офатларни “Яратганнинг бизга юборган синови”, — деб атади. “Бунга сабр қилишимиз, қаттиқ меҳнат билан, биргаликда ёруғ юз билан ўтишимиз керак”. Ўзбекистон раҳбари аҳоли томонидан қисқа вақтда қурилиш материаллари, озиқ-овқат, кийим-кечак, дори-дармон ва рўзғор буюмларини тўплаган ҳамда жабрланганларга юборган фуқароларни мақтади.

“Сирдарё, Жиззах ва Тошкент вилоятлари аҳолиси ихтиёрий равишда ўз хонадонларига Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларидан кўчирилган фуқароларнинг 81 фоизини жойлаштирдилар”, — дея таъкидлаб ўтди президент.

“Бу сув тошқини биз учун аччиқ сабоқ бўлди. Шу сабабли сув омбори масаласида биз халқаро экспертларни жалб этган ҳолда тўғоннинг барча дамбаларини чуқур экспертизадан ўтказамиз, — дея ваъда қилди президент. – Фақат шундан кейингина якуний хулосага келамиз. Бундан ташқари, менинг топшириғимга биноан ҳозирги кунда тегишли давлат органлари томонидан кучли ёғингарчилик сабабли эрозия юзага келиши мумкин бўлган барча гидроиншоотлар, тўғонлар ва ГЭСларда текширув ишлари олиб борилмоқда”.

Мирзиёев Сардоба фалокатида айбдорлар албатта жазога тортилишига ишонтирди ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан сув тошқини билан боғлиқ воқеа юзасидан “объектив, холис ва кенг қамровли” тергов ҳаракатлари бошлангани маълум қилди. “Халқимизни ишонтириб айтаман, тергов якунлари бўйича барча айбдорлар, ким бўлиши ва эгаллаб турган лавозимидан қатъий назар, қонун олдида жавоб беради”, — дея таъкидлаб ўтди президент.

Ўзбекистон президенти қўшни Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан бу масалани ўзаро тушуниш ва очиқлик руҳида атрофлича муҳокама қилиб олганини маълум қилди. “Ҳукумат, тегишли вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар, бошқа мутасадди ва мутахассислар қозоғистонлик ҳамкасблари билан биргаликда табиий офат оқибатларини бартараф этиш бўйича, албатта, яқиндан ҳамкорлик қилади”, — дея қайд этиб ўтди Мирзиёев.

Президентларнинг ушбу суҳбатидан сўнг Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Сардоба сув омборидаги сув тошқини оқибатида Туркис тон вилоятининг аҳоли пунктларини сув босиб кетгани юзасидан Ўзбекистонга нота юбормасликка қарор қилди. “Чегарадош вилоятлар раҳбариятининг сув тошқинига биргаликда барҳам беришдаги яқин ҳамкорлигини инобатга олган ҳолда Қозоғистон дипломатларининг ўзбек ҳамкасбларига нота юбориши масаласи ўртага қўйилмаган”, — дея билдирди ТИВ расмий вакили Айбек Смадияров.

Сардоба сув омборидаги тўғон участкаси 1 май куни эрта тонгда ўпирилган. Республикада сув тошқини оқибатида 99 та кўп қаватли уй шикастланган, элликдан зиёд одам турли оғирликдаги тан жароҳатлари билан касалхоналарга ётқизилган. Қозоғистонда 845 та турар жой бинолари, учта мактаб, бешта болалар боғчаси, тўртта медицина объектлари ва битта маданият уйи сув остида қолган, республика миқёсидаги 54,7 километр автомобиль йўллари емирилган ҳамда 7639 гектар экинзор вайрон бўлган. Дастлабки ҳисобларга қараганда, келтирилган зарар 404 миллион тенгени (949,7 минг АҚШ доллари) ташкил этган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ