Ўзбекистонда шу йил етиштирилган гилоснинг биринчи партияси Россия бозорига етиб келди. Новосибирскга келтирилган гилоснинг бугунги кундаги улгуржи нархи бир килограмм учун 550 рублга тенг ($7,4), дея хабар беради EastFruit нашри БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг (ФАО) маслаҳатчиси Бахтиёр Абдувоҳидовга таянган ҳолда. Ўтган йили ўзбек гилосининг биринчи партияси Москвада бир килограмм учун $1,1 — $2,0 нархларда сотилган эди.
Айни пайтда Фарғона водийси боғбонларидан гилосни бир килограммини 15 минг сўмдан ($1,5 атрофида) сотиб олишмоқда. Россияда энди бу гилослар тахминан бир килоси учун минг рублдан ($13,5) сотилади, дея тахмин қиладилар экспертлар. Шу билан бирга, нефть нархининг қулаши, газ экспортидан келиб тушадиган даромадларнинг пасайиши ҳамда ишсизлик даражасининг кўтарилиши ортидан Россиядаги кўплаб истеъмолчилар 2020 йилда бунақа нархда гилос сотиб олиш имкониятига эга бўлмайдилар. ФАО иқтисодчиси Андрей Ярмакка кўра, Россияда ўзбек гилосига талаб камида 22-24 фоизга пасаяди. “Рубль девальвацияси ҳамда транспорт харажатларининг кўтарилишини ҳисобга олган ҳолда, Россияга асосий гилос етказиб берувчилар бўлмиш Туркия, Эрон, Ўзбекистон ва Молдова нархларни сезиларли даражада туширишларига тўғри келади, негаки бозор ҳажми бирданига 20-25 минг тоннага қулаб кетади”, — дея қайд этди у.
Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хожев апрель ойининг охирида баҳор бошида тушган совуқ туфайли 15-20% мева кўчатларига шикаст етганини маълум қилган эди. Шу билан бирга, асосий талофот данакли мевалар – гилос, ўрик ва шафтолига тўғри келмоқда.
Россия минтақада етиштириладиган гилоснинг асосий ҳаридори саналади. Ўтган йилда расмий маълумотларга кўра, бу мамлакат 75 минг тонна гилос импорт қилган, EastFruit нашри маълумотига кўра, бу кўрсаткич аслида 100 минг тоннадан ошади. Жорий йилнинг бошидан Россия мева ҳамда қисман қовун ва торвуз импортига қўшимча қиймат солиғи ставкасини 20 фоиздан 10 фоизгача туширди.
Ўзбекистон Давлат статистика қўмитасининг маълумотига кўра, Россия 2019 йил якуни бўйича Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотларини сотиб олиш ҳажми бўйича иккинчи ўринни эгаллаган (биринчи ўринда Қозоғистон). Ўзбекистон ўтган йил якуни бўйича жами 658,1 миллион АҚШ доллари қийматидаги 591,2 минг тонна мевани экспорт қилган. Ушбу кўрсаткич 2018 йилга нисбатан 117 фоизни ташкил этади.