Андижонда сартарошхоналар ва меҳмонхоналар очилди

Kun.uz архив фотосурати

Андижон вилоятида 4 май куни 3750 та тадбиркорлик субъекти, жумладан меҳмонхоналар, такси йўналишлари, сартарошхона ва гўзаллик салонларига фаолиятини тиклашга рухсат берилди. Бу ҳақда вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов раислигида ўтказилган селектор йиғилишида маълум қилинди, дея хабар беради “Газета.uz”.

Кўрсатилган объектларнинг аксарияти – сартарошхоналар ва гўзаллик салонлари бўлиб, карантин тадбирларига, шу жумладан, ижтимоий масофага қатъий риоя қилишлари шарт қилиб қўйилган.

Рўйхатга шунингдек, 25 та меҳмонхона ҳам киритилган. Уларнинг ҳар бирига санитар врачларни жалб этган ҳолда хоналарни дезинфекция қилиш ва меҳмонларни кунлик тиббий назоратдан ўтказиш орқали фаолиятини тиклашга рухсат этилди.

Kun.uz хабар беришича, бир қатор такси операторлари ҳам ўз фаолиятини тиклашга рухсат олдилар.

Шу билан бирга, вилоятда умумий овқатланиш корхоналари (етказиб бериш хизмати асосида ишлаш бундан мустасно), транспорт компаниялари ҳамда ўнлаб буюм бозорлари ва савдо комплексларининг фаолият юритиши Республика комиссиясининг алоҳида кўрсатмаси бўлгунга қадар вақтинча чеклаб турилади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев апрель охирида коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича Республика махсус комиссиясига янги касалланишлар аниқланмай қўйилган ёки эпидемиологик вазият яхшиланаётган вилоят, шаҳар ва туманларда карантинни юмшатиш бўйича топшириқ берди.

Тез орада мамлакатда айрим чекловлар юмшатилди – автосервислар ва қурилиш бозорларининг ишлашиги рухсат берилди. Кейинроқ белгиланган соатларда шахсий автотранспортдан фойдаланишга, кўп қаватли уйларнинг ҳовлиларида ижтимоий масофа сақланган ҳолда сайр қилишга ҳамда фермерларга ўзлари етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини истеъмолчиларга етказиб бериш учун мамлакат бўйлаб ҳаракатланишларига рухсат берилди.

Апрель ойининг охирига келиб олдинроқ тўхтатиб қўйилган Тошкент вилоятида (14 мингтадан) 5,3 мингта корхона, Наманган вилоятида (10 мингтадан) 2,8 мингта, Жиззахда – (6 мингтадан) 534 та ва Хоразмда (3,3 мингтадан) 448 та корхоналар ўз фаолиятини қайта юрита бошладилар.

Сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда коронавирусга чалинишнинг 2189 та ҳолати қайд этилган, ўнта бемор вафот этган ва 1405 киши соғайиб кетган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди

  • Таъсир доираси ўз ватани сарҳадларидан ошиб ўтган турк илоҳиётчиси Фатҳуллоҳ Гулен аслида ким бўлган?

  • Ўзбекистондаги сиёсий партиялар парламент сайловларида илгари сураётган дастурларини тақдим этди