Профессионал боксчи Исроил Мадраимов IBF ва WBA нинг ўрта вазн версияси бўйича жаҳон чемпиони, доминикалик Жейсон Росарио билан жанг ўтказиш истагини билдирди. Бу ҳақда Boxingscene хабар беради.
Мадримов Росарио билан тўқнашиб, уни енгишга ишончи комил эканини айтади. Ўзбекистонлик боксчи Калифорниядаги Индио тайёргарлик масканига қайтишни жудаям хоҳлаётганини билдирган.
Боксчининг менежери Вадим Корниловнинг таъкидлашича, 25 ёшли Мадраимов халқаро бокс оламида энг ёрқин юлдузлардан бири эканини исботлаб келмоқда.
«Унинг Жейсон Росарио билан жаҳон чемпиони камари учун жанг олиб боришга тажрибаси етарли. Биз Америкадаги ишқибозлар ва оммавий ахборот воситаларининг Исроил жангларини юқори баҳолагани ва унинг карьерасига қизиқаётганидан миннатдормиз», — дейди Корнилов.
Исроил Мадримов 2017 йили Тошкентда ўтказилган бокс бўйича Осиё чемпионатининг ғолиби, Осиё ўйинларининг икки бора бронза медали соҳиби саналади. У 2018 йили профессионаллар сафига кетишини айтганди. Профессонал бокс бўйича ўтказилган биринчи жангда Мадраимов мексикалик Владимир Эрнандесни техник накаутга учратди ва ўрта вазндаги WBA Intercontinental камарини қўлга киритди. У охирги жангини 1 март куни венесуэлалик Чарли Наварро билан ўтказиб, олтинчи раундда рақибини накаутга жўнатди. Ғалаба ўзбекистонлик боксчининг WBA рейтингида иккинчи ўринни эгаллашига имкон берди.
Жейсон Росарио (20 ғалаба, улардан 14 таси накаут, 1 таси дуранг, 1 таси мағлубият билан тугаган) — IBF ва WBA нинг ўрта вазн версияси бўйича жаҳон чемпиони ҳисобланади. Охирг марта Росарио рингга 18 январь куни кўтарилган ва мусобақанинг бешинчи раундида америкалик боксчи Жулиана Уильямсни техник накаутга учратган.