Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги қозоқ сериалига нисбатан муносабат билдирди

"Патруль"сериалидан лавҳа

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги 27 апрель куни қозоғистонлик ҳамкасбларига ижтимоий тармоқларда тарқалган «Патруль» сериалига нисбатан суриштирув ўтказишга доир нота юборган. Вазирлик миллий низони келтириб чиқариши мумкин бўлган мазкур сериални яратган буюртмачи «Мустақил телевизион канал»и ва ижрочи «BAS production» проюсерлик марказига нисбатан «ҳуқуқий баҳо бериш»ни талаб қилади. Бу ҳақда Тожикистон ТИВ ахборот ва нашр бошқармаси хабар беради.

«Патруль» фильмининг эпизодларидан бирида полиция ходимлари на рус тили, на қозоқ тилини биладиган мигрантни қўлга оладилар. Қўлга тушган одам ўзбек тилида гапиради, полициячилар эса уни тожик ҳисоблаб бўлимга олиб борадилар. У ерда мигрантни коридорни бўёқ қилиш ва машинани ювишга мажбур қилишади. Оқибатда бу инсон мигрант эмас, элчихонага йўл тополмаган «Тожикистон элчиси» бўлиб чиқади. Кейинги икки кун ичида ижтимоий тармоқларда тарқалган ушбу лавҳа интернетдан фойдаланувчи тожикларнинг ғазабини қўзғаган. Бунга жавобан «BAS production» компанияси ходими Бауржан Жубантиров тожик халқидан узр сўраб, сериал 2012 йили суратга олингани ва мазкур лавҳа барча ресурслардан ўчирилганини айтади.

«Биз «Бас про» компанияси номидан биродар тожик халқидан кечирим сўраймиз. Ролик 2012 йили суратга олинган ва у ёш муаллифлар томонидан ёзилган. У пайтлар ҚВЗ да бир-бирининг устидан кулганлари сабаб, «қайноқ каллали» ёшлар бу мавзуда юмор яратишмоқчи бўлишган. Сериал экран юзини кўрганидан кейин биз қилиб қўйган хатоимизни тушуниб етдик, расман узр сўраб, ўша эпизодни барча интернет платфломаларидан ўчириб ташладик. Ҳозирда кимдир биродар халқларимиз ўртасида миллий низо чиқариш учун ўша роликни тарқатяпти. ОАВ провокацияларига учмасликни сўраган бўлардим. Биз барча паблик, сайтларни текшириб чиқдик, бу серия ҳатто бош буюртмачида ҳам, телеканал архивида ҳам йўқ. Орадан саккиз йил ўтиб мазкур серия қайдан пайдо бўлиб қолганини билишни хоҳлардик», — деб ёзади Жубантиров.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ