Петербург четидаги “коронавирусли” хостелнинг эгасини ўзбекистонлик мигрантнинг ўлимида айбладилар

Новосергиевкадаги мигрантлар ётоқхонаси. Заневский шаҳар маъмуриятининг фотосурати

Ленинград вилояти Всеволжский райони Новосергиевка қишлоғидаги мигрантлар истиқомат қиладиган ноқонуний хостелнинг эгасига эълон қилинган айблов кучайтирилди, дея хабар беради ТАСС. У ўзбекистонлик мигрантнинг ўлимига олиб келган санитария қоидаларининг бузилишида айбдор дея гумонланмоқда. Эслатиб ўтамиз, 13 апрель куни мазкур хостелда COVID-19 коронавирус инфекциясининг ўчоғи мавжудлиги аниқланганди.

Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 236-моддаси биринчи қисми бўйича айбловга ўша модданинг иккинчи қисми ҳам қўшилди (Эҳтиётсизлик оқибатида одам ўлимига олиб келган санитария-эпидемиологик қоидаларнинг бузилиши). Тадбиркор Артём Блинштейн қўйилган айбловларни инкор этмоқда.

Блинштейн Новосергиева қишлоғида жойлашган уч қаватли уй ва ернинг эгаси бўлиб, ўзига тегишли кўчмас мулкни “Вектор” масъулияти чекланган жамиятига (МЧЖ) ижарага берган, МЧЖ эса субаренда ҳуқуқи асосида “Эста Констракшен” қурилиш компаниясига ижарага берган. Бу фирма эса уч қаватли уйни ётоқхонага айлантириб, унга “Мега Дыбенко” кўнгилочарлик-савдо маркази қурилишида ишлаётган қурувчиларни жойлаштирган.

Новосергиевка хостелидан Всеволжск касалхонасига етказиб келинган 31 ёшли ўзбекистонлик қурувчи Худойбергенов 11 апрель куни вафот этган. Ўлимидан олдин уни коронавирусга тест қилдилар ва инфекцияни аниқладилар, натижани Роспотребнадзор ҳам тасдиқлади, дея хабар беради 47news Всеволжск полициясига таянган ҳолда.

Бироқ Роспотребнадзордагилар ўлимидан кейин 14 апрель куни Ленинград вилояти Гигиена ва эпидемиология марказида ўтказилган тест манфий натижа берди, деб айтдилар. Расмий судмедэкспертиза мигрант ўлимининг сабаби аниқланмади, деган хулоса берди. Шу билан бирга, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари мигрант меъёридан кўп наркотик истеъмол қилиш натижасида вафот этганлик борасида тахмин қилмоқда.

Вилоят прокуратурасидагилар айблов нега мулкни ижарага олган “Эста Констракшн” га эмас, балки унинг эгасига эълон қилиш сабаби сифатида икки томон ўртасида тузилган шартноманинг нозик жиҳатларини кўрсатдилар. Тахмин қилинишича, гап бу компаниянинг ишчилари эгаллаган кроват-ўринлар ижараси ҳақида кетмоқда, бироқ “Эста Констракшн” ушбу иш доирасида жавобгарликка тортилиши истисно этилмаяпти.

Бизнесмен 20 апрель куни қўлга олинган, унинг уйида ва офисида тинтувлар ўтказилган, тижорат фирмаларининг муҳрлари, мобил телефони ва электроника воситалари ҳамда банк карталари олиб қўйилган. Петербург шаҳар Приморский район суди 22 апрель куни тадбиркорни яшаш жойини тарк этмаслик шарти билан қўйиб юборди. Ленинград вилояти Тергов қўмитасининг тадбиркорни қамоққа олиш тўғрисидаги илтимосномаси рад этилди. Прокуратура ҳам тергов қўмитасини қўллади, аммо бу суд уни эътиборга олмади.

Хостел эгаси 212 апрель куни, Роспотребнадзор ўтказган рейд давомида хостел хоналарида коронавирус юқтириб олган бир неча мигрантлар борлигини аниқлаганидан сўнг қўлга олинганди. Шундан кейин коронавирус юқтириб олганларнинг сони 123 тага чиқди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ