22 апрель куни 82 ёшда «Пахтакор» жамоасининг энг ёши улуғ футболчиси Вильгельм Қаҳҳоров оламдан кўз юмди, деб хабар беради Olamsport.
Қаҳҳоров «Пахтакор»нинг 1962 йилги таркибида ўйнаган инсонлардан бири эди. Ўшанда тошкентлик футболчилар СССР Олий лигасида олтинчи ўринни эгаллагандилар. Қаҳҳоров ўша йили бўлиб ўтган 32 та матчда иштирок этиб, рақиблар дарвозасига учта гол киритган.
Вильгельм Қаҳҳоров футбол карьерасини 1958 йили «Меҳнат резервлари» жамоасида бошлаган. 1960 йили футболчи «Пахтакор» клубига ўтади ва бу ерда беш йил тўп суради. Қаҳҳоров 1965 йили «Политотдел» жамоасига ўтади ва орадан бир йил ўтиб Олмалиқнинг «Металлург» жамоасида фаолиятини давом эттиради. Кейинчалик у мураббийлик қила бошлайди ва бу ишга ўзини тўлиқ бағишлайди. Қаҳҳоров дастлаб спорт интернатида, кейинчалик Олий спорт маҳорати мактабида жами йигирма йил мураббийлик қилади.