Олмалиқ тоғ-кон металлургия комбинати футбол клубининг матбуот хизмати бошлиғи Шоҳбоз Бегамов Ўзбекистон футбол ассоциациясидан (ЎФА) «Максимум» кулги гуруҳининг мамлакат терма жамоасига нисбатан қилган ҳазилини ҳуқуқий майдонда кўриб чиқишга чақиради. Бу ҳақда Бегамов ўзининг Telegram-каналида ёзади ва концертдан ўша лавҳани ҳавола этади.
«Максимум» жамоаси томошабинлар билан Ўзбекистоннинг футбол бўйича терма жамоаси мағлубиятларидан кулади. Бегамовни айниқса жамоанинг собиқ мураббийси Эктор Купер бошчилигида футболчиларнинг қўйларга қиёслангани ғазабга келтиради.
Журналист ўз постида «миллий жамоамиз яхшими ёки ёмонми, барибир ўзбек футболининг юзи. Миллий жамоани очиқчасига камситишга кеча чиққан “қизиқчи”ларнинг қанчалик ҳаққи бор? Бутун омма олдида миллий жамоа имижини ер билан яксон қилишга тенг бу», — деб ёзади.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси нафақат профессионал кулгу усталари, балки футбол ихлосмандлари томонидан ҳам тез-тез кулгуга олинган. Жамоага Купернинг бош мураббий этиб тайинланиши ва унга йилига $1,5 млн маош тўланиши ҳам танқид остида қолганди. Аргентиналик мураббий бошчилигида миллий жамоа бир неча йирик мағлубиятларни бошдан кечирди ва уларнинг ичида энг қайғулиси 2019 йилги Осиё чемпионатидаги натижадир. Пировардида мураббий истеъфога чиқди ва унга 7 миллион евро тўланди.
Шоҳбоз Бегамов — футбол эксперти. Ўзбекистоннинг энг машҳур спорт нашри — Championat.Asiaда ишлаган ва танқидий материаллари учун сайтдан четлатилган.
Апрель ўртасида ЎФА, футбол экспертлари ва ОАВ ходимлари билан ўтказилган видеоконференцияда журналист футбол клубларининг ойлик маошларига доир маълумотларни, жумладан коронавирус пандемияси даврида ҳам сир сақлаш ҳуқуқини ёқлаб чиқди.