АҚШ суди Ғофур Раҳимовнинг санкция рўйхатидан чиқариб юбориш илтимосини рад этди

Ғофур Раҳимов . Currenttime.tv сайти фотосурати

Вашингтон суди Халқаро бокс ассоциациясининг (AIBA) собиқ раҳбари, ўзбекистонлик бизнесмен Ғофур Раҳимовнинг АҚШ Молия вазирлиги санкция рўйхатидан чиқариб юбориш илтимосини рад этди. Бу ҳақда суд қарорига таяниб ПРАЙМ агентлиги хабар беради.

АҚШ Молия вазирлигининг Хориж активлари назорати офиси (OFAC) 2012 йили Раҳимовни қора рўйхатга киритган эди. Унга собиқ Совет Иттифоқи мамлакатларидаги жиноятчиларни бирлаштирадиган «Братский круг» жиноий гуруҳига аъзолик айби қўйилган. 2017 йили АҚШ Молия вазирлиги санкция номини ўзгартириб, Ғофур Раҳимовни криминал авторитетларини қўллаб-қувватлашда айблади. Раҳимов бу қарорни ноқонуний деб топди ва унга Молия вазирлиги айблов далилдаридан тўлиқ маълумотлар берилмаганини таъкидлади.

Федерал судья Жеймс Босберг даъвогарнинг санкция рўйхатига кирилгани асосли бўлгани ва бу босқичда мазкур қарорни бекор қилиш имконсиз экани борасида ҳукм чиқарди.

«Суд томонидан видеоалоқа орқали кўриб чиқилган Молия вазирлигининг маҳфий маълумотлари Раҳимовнинг жиноятчилар билан алоқадорлигини кўрсатади. Даъвогар судга қарорни бекор қилишга арзигулик далиллар келтирмади ва фақат Молия вазирлиги маълумотлари тўлиқ эмаслигига ишора қилди», — дейилади суд қарорида.

2018 йили Раҳимов АҚШ ҳукуматининг қарори Ўзбекистоннинг биринчи президентини тўнқич қизи Гулнора Каримова томонидан уюштирилган ёлғон айбловларга асосланганини айтганди. Бизнесмен ўз рафиқаси билан она юртида қидирувдагилар рўйхатида бўлган. Бироқ, мамлакатга Шавкат Мирзиёев президент бўлганидан сўнг Раҳимов ва унинг турмуш ўртоғи ушбу рўйхатдан чиқарилди ва Ўзбекистон ҳукумати AIBA га мактуб йўллаб, унда Раҳимовнинг жиноятчилар билан алоқадорлиги асоссис эканини маълум қилган.

Ғафур Раҳимов 1998 йилдан бери AIBA ижро қўмитасининг аъзоси ҳисобланади, 2018 йили эса ассоциациянинг президенти этиб сайланди. Унинг бу лавозимни эгаллаши Халқаро олимпия қўмитаси (ХОК) норозилигига учради, зеро Раҳимов АҚШ ҳукуматининг қора рўйхатидан жой олганди. ХОК маъмурияти AIBA ни (Раҳимовдан аввалги раҳбар растратада айбланган) текширишини маълум қилди ва санкция рўйхатидаги одамнинг раҳбар бўлиши бокснинг Олимпия ўйинлари дастурларидан чиқарилишига сабаб бўлишидан огоҳлантирди. 2019 йил июль ойида Ғофур Раҳимов AIBA раҳбарлигидан воз кечди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ