Стратегик ташуббуслар агентлиги (СТА) Россия Бош вазири Михаил Мишустинга COVID-19 пандемияси даврида меҳнат бозорини мувофиқлаштириш бўйича ўз таклифларини киритди. Эспертлар вақтинча россияликлар қатори мигрантларнинг ҳам ишсизлик нафақаси ва бошқа тўловларни олишини таъминлаш кераклигини таклиф қиладилар, деб хабар беради РБК. Мактуб СТА бош директори Светлана Чупшева томонидан имзоланган.
Агентлик мисол тариқасида Португалияни келтиради. Бу давлат коронавирусга қарши кураш даврида мамлакатда бўлиб турган 580 минг мигрантлар ҳуқуқларини мамлакат фуқаролариники билан тенглаштирган.
Шунингдек, агентлик ишсиз қолган мигрантларни «бўшаб қолган бозор ва ИT-инфратузилмаларига ҳизмат қилувчи соҳалар»га тайёрлаш мақсадга мувофиқ эканини таъкидлайди. Мутахассислар ишини йўқотган ва уйига қайта олмаган мигрантлар ёрдамга ўта муҳтож эканини уқтирадилар. Уларнинг озиқ-овқат ва ижара учун тўлайдиган маблағлари қолмаган, ҳукумат уларга ишсизлик борасида ҳеч қандай нафақа тўламайди.
Владимир путин 18 апрелда РФда 15 мартга қадар қонуний яшаб келган чет эл фуқароларининг регистрацияси, меҳнат патенти ва бошқа ҳужжатларини 15 июнга қадар узайтириш имконини берадиган қарорни имзолади. Бу давр мобайнида мигрантларнинг регистрацияни чўздириши, патентга ҳақ тўлашлари шарт эмас. Давлат Думаси миграция қонунчилигига ишчи мигрантларнинг меҳнат патентини РФ ҳудудини тарк этмасдан ҳам узайтириш имконини берадиган қўшимчани киритди.
Россия ҳукумати бундан бир неча кун олдин россияликлар учун ишсизлик нафақасини минимал меҳнат тўлови миқдорига, яъни 8 мингдан 12,13 минг рублга кўтарган эди. Бу чора 1 мартдан иш жойини йўқотганлар учун апрелдан июнь ойигача амал қилади.