Асаларичилар Ўзбекистон ҳукуматидан боғларни чанглатишга рухсат сўрадилар

Асалари ғайнали гулини чанглатмоқда. Pixabay.com сайти фотосурати

Тошкент вилояти асаларичилар уюшмаси Ўзбекистон ҳукуматидан зудлик билан уларнинг ҳаракатланиши учун рухсатномалар билан таъминлашни сўрадилар. Акс ҳолда, қишлоқ хўжалигида мева ҳосилдорлиги 50 фоизга тушиб кетиши мумкин, дея огоҳлантирдилар, дейилади “Газета.Uz” нашри чоп этган хабарда.

Асаларичилар уюшмасининг раиси Бахтиёр Ҳакимов Ўзбекистон ички ишлар вазирлигига шу мазмундаги мактубини йўллади, бироқ ушбу масала зудлик билан ҳал этилиши лозим, негаки мурожаатларни кўриб чиқишга ажратилган 15 кун муддат давомида асаларилар тўзиб, ўз уяларини тарк этишлари мумкин. Ҳакимов Ўзбекистон бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ўктам Барноевга ҳам мактуб тайёрламоқда.

Автомобилларда ҳаракатланишга рухсат берилмагани боис Тошкентда истиқомат қиладиган асаларичилар шаҳардан ташқарида жойлашган асалари уяларига бориб ишни бошлай олмаяптилар, дейди ассоциация аъзоси Анатолий Бондаренко. Унга кўра, йилнинг шу даври бўлажак ҳосил учун пойдевор қўйиладиган пайт саналади.

“Агар ҳозир ишни бошламасак, асалариларимизни йўқотиб қўйишимиз мумкин, чунки улар билан ишлаш керак, уларни озиқлантириш керак. Бизни фермерлар кутяпти, биз уларнинг боғларини, ўсимликларини, турли экинларни чанглантишимиз керак. Ҳозирги вақт жуда ҳам масъулиятли”, — дейди асаларичи.

Асаларичилар асалари уялари юкланган прицепларни тортиб, боғдорчилик фермаларини айланиб юрадилар, асаларилар олма, нок, ғайнали дарахтларини чанглантиб, ҳосилдорликни 50 фоизга кўтарадилар. Асалари кирмаган боғда ҳосилдорлик 30-50 фоизга пасайиб кетади.

Транспорт воситаларининг ҳаракатига киритилган чекловлар ўзи Тошкентда яшайдиган, аммо Тошкент вилояти туманлардаги ўз хўжаликларида ишлайдиган одамларнинг аҳволини оғирлаштириб қўйди. “Пойтахтдан ўзингизнинг автомобилингизда чиқиш имкониятсиз, баъзида 15-18 чақирим йўлни яёв босиб ўтишга тўғри келади. Ўзингиз билан кўтариб ҳеч нарса олиб кета олмайсиз ҳам, олиб кела олмайсиз ҳам. Ҳолбуки, қанчадан-қанча керакли товарлар керак. Велосипедларда ҳам юриб кўрдик, бироқ энди уларни ҳам тақиқлаб қўйишди. Скутерларда юриш ҳам маън қилинган”, — дея шикоят қилди Бондаренко.

Боғлар гуллашдан тўхтаганидан кейин асаларичилар тоғлар этагига кўтарилишлари керак бўлади. “У ерларда бошқа турдаги ўсимликлар гуллайди, кейин бўлса янада юқорироққа чиқиш керак. Агар бундай қилинмаса, ишимизда фалокат юз беради. Бизнинг ишимизда доим кўчиб юриш керак, бундай қилмасликнинг ҳеч иложи йўқ. Экин турлари жуда ҳам оз, улар йилнинг муайян вақтида чанг ажратади, шунинг учун ҳам асаларичиликнинг ривожланиши айнан апрель май ойларида тоғ этакларида амалга ошади”, — дея изоҳ берди у.

Асаларичилар асосан Cobalt, Damas, Lacetti ва Нива автомобилларида ҳаракатланадилар, юк машиналаридан фақат ари уялари юкланган яримприцепларни кўчириш учун тунги пайтда фойдаланадилар. Бундан ташқари, автомобиллар тадбиркорларнинг асални арзонлаштирилган нархда сотиш учун Тошкентга уюшма томонидан ташкил этиладиган ярмаркаларда иштирок этишлари учун керак.

Уюшмада рўйхатга олинган 300 нафар аъзолардан 81 кишининг автомобилда ҳаракатланишга рухсатнома олишга эҳтиёжи бор, бироқ стикерлар ушмага аъзо бўлмаган бундан ҳам кўпроқ асаларичиларга керак.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 14 апрель куни мева-сабзавотчилик ва чорвачилик маҳсулотларини тайёрлаш ҳажмини икки баробарга кўпайтириш ҳамда асал етиштиришни беш баробарга кўпайтириш бўйича топшириқ берди. Асаларичиларнинг огоҳлантиришича, агар тадбиркорларнинг автомобилларда ҳаракатланиши билан боғлиқ муаммо ҳал қилинмаса, бу вазифани бажариб бўлмаслиги муқаррар.

Ўзбекистонда пандемия шароитида тадбиркорлик, кичик ва ўрта бизнесни қўллаш учун 700 миллион АҚШ доллари миқдордаги маблағни жалб этиш режалаштирилмоқда. Мирзиёев биринчи навбатда мева-сабзавотчилик, озиқ-овқат саноати ва экспортёрларни пул билан таъминлашга ваъда қилди. Ўзбекистоннинг антивирус жамғармаси 1 миллиард АҚШ долларини ташкил этади.

Ўзбекистонда COVID-19 коронавирус пандемияси муносабати билан шахсий автомобилларда ҳаракатланиш март ойининг охирида тақиқлаб қўйилган. Тиббиёт ҳамда санитария-эпидемиология хизматлари ходимларидан рухсатнома талаб қилинмайди. Велосипедда фақат ишга бориб келиш мумкин, бунинг учун фуқаро ёнида паспорт, гувоҳнома, меҳнат дафтарчасидан кўчирма ҳамда карантин даврида ишга жалб қилингани тўғрисида маълумотномани кўтариб юриш керак.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди

  • Таъсир доираси ўз ватани сарҳадларидан ошиб ўтган турк илоҳиётчиси Фатҳуллоҳ Гулен аслида ким бўлган?

  • Ўзбекистондаги сиёсий партиялар парламент сайловларида илгари сураётган дастурларини тақдим этди