Ўзбекистонда COVID-19 коронавирус инфекциясини юқтириб олган бешинчи бемор вафот этди, дея хабар беради Kun.uz республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматига таянган ҳолда.
Вазирлик маълумотига кўра, 77 ёшли аёл 7 апрель куни унда коронавирус инфекцияси аниқланганидан сўнг Тошкент медицина академиясининг кўп профилли клиникасига карантинга жойлаштирилган. Қайд этилишича, беморда сурункали бронхит ва гипертония касалликлари кузатилган.
Дардга чалинган аёлга даволаш стандартларига мувофиқ антивирус, антибактериал, инфузион, муколитик, симптоматик ва респератив терапия қўлланилган. Интенсив жонлаштириш муолажаларига қарамай, бемор ўткир нафас етишмовчилиги ва ўпка шишидан жон берган.
Олдинроқ хабар берилганидек, Ўзбекистон ҳукумати томонидан коронавирус инфекциясининг тарқалишининг олдини олиш учун жорий этилган чеклов тадбирлари (карантин) жорий йилнинг 10 майгача узайтирилган.
Ўзбекистонда 2020 йил 19 апрель соат 10.00 ҳолатигакўра, коронавирусга чалинишнинг 1495 та ҳолатлари қайд этилган, 194 киши соғайган ва 5 киши вафот этган.