Росгвардия подполковниги ва Россия ИИВ майори ватанида қидирув эълон қилинган Ўзбекистон фуқаросини қўрқитиб, йирик миқдорда пул ундириб олишга уринишда айблов билан ҳибсга олинди. “Коммерсант” нашрининг ёзишича, Росгвардия қўшинлари оператив разведка маркази бошлиғининг ўринбосари полиция подполковниги Альберт Кудряшов ҳамда ИИВ экстремизмга қарши кураш бўйича бош бошқармасининг катта тезкор вакили майор Андрей Гайтов ватанида ўғирликда гумонланаётган ўзбекистонлик шахсни ватанига чиқариб юбориш билан қўрқитиб, ундан бир миллион АҚШ доллари ундирмоқчи бўлганлар.
Жиноят ишини қўзғатиш учун Москва вилояти Истра райони Петровское қишлоғида истиқомат қилувчи ҳеч қаерда ишламайдиган, (илгари Жасур Жалилов номида юрган, бироқ Россияга Ашраф Бурханов номи остида келган) Ашраф Айсеновнинг мурожаати бўлди. У ўз аризасида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходимлари ундан пул талаб қилаётганини кўрсатган.
Тергов тахминига кўра, подполковник Кудряшов ва майор Гайтов ўз хизмат лавозимидан фойдаланиб, Ашраф Айсеновнинг Ўзбекистонда 1,5 миллион АҚШ доллари ўғирлагани учун қидирувга берилганини билиб қолишган. Офицерлар унинг уйига келиб, бир миллион АҚШ доллари миқдорида пора талаб қилиб, акс ҳолда Айсеновни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш билан қўрқитишган. Музокаралар давомида 13 миллон рублга келишувга эришилган. Расмий версияга кўра, Кудряшов ва Гайтов пулни олгани келган пайтда Истра райони полицияси ходимлари томонидан ҳибсга олинган. Кейинроқ Росгвардия раҳбарияти Кудряшов идоранинг шахсий хавфсизлик хизмати назарига тушиб қолганига анча бўлгани ва у кузатув остида бўлганини таъкидлаган.
Ҳибсга олинган офицерларнинг таъкидлашича, улар аризачини экстремистик фаолиятга мансубликда гумонлаб келганлар ва ва унинг олдига пул ундириш учун эмас, балки ўзбекистонлик фуқаронинг ким билан алоқада бўлгани ҳақидаги маълумотларни олиш учун келганлар. Бироқ Истра туман суди бу иддаони эътиборсиз қолдирди ҳамда гумонланувчиларни уюшган гуруҳ таркибида товламачилик ҳаракатларини содир этишда (РФ ЖКнинг 163 моддаси 3 банди) айблов билан икки ойга Тергов изоляторига қамашга қарор чиқарди. Офицерларнинг иккиси ҳам жангавор ҳаракатлар ветерани бўлиб, кўплаб мукофотлар билан тақдирланганлар. Мисол учун, майор Гайтов Жасорат ордени ва Суворов медали билан тақдирланган.
Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, Россияда ўтган йили 9 ой давомида мансабдор шахслар томонидан содир этилган уч мингта коррупциявий жиноятлар аниқланган. Давлат Думаси 2020 йил 5 март куни Росгвардияга хизматга қабул қилишда ҳамда юқори мансабли лавозимларга тайинлашда полиграф текширувидан ўтиш лозимлигини кўзда тутувчи қонунни қабул қилган. Мутасаддиларга кўра, бу қоиданинг жорий этилиши кучишлатар тузилмада коррупция даражасини пасайтиришга кўмак бериши мумкин.