Ўзбекистонда карантин 10 майга қадар давом этиши эълон қилинди

Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон ҳукумати томонидан 2020 йил 20 апрелгача киритилган карантин чоралари шу йилнинг 10 майига қадар узайтирилади. Бу ҳақда @koronavirusinfouz Telegram-канали COVID-2019 коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши кураш бўйича Республика махсус комиссиянинг қарорига таянган ҳолда маълум қилмоқда.

Шунингдек, комиссия хабарномасида қайд этилишича, олдинроқ расмийлар томонидан Республика ҳудудида коронавирусга қарши кураш доирасида қабул қилинган комплекс чора-тадбирлар ва энг асосийси масъулиятни чуқур ҳис қилган аҳоли томонидан ўзини яккалаш ҳаёт тарзига ўтганлиги ва «ижтимоий масофаланиш» тамойилига амал қилиши аниқ самара бермоқда.

Олдинроқ киритилган чекловчи тадбирлар (карантин) фуқароларнинг уйларида қолиб, фақат озиқ-овқат, дори-дармон сотиб олиш, шифокор ҳузурига ҳамда ишга бориб-келиш каби ўта зарур ҳолатлардагина кўчага чиқишликни назарда тутади. Кўчада ёки транспортда кетаётганида медицина ниқобларини тақмай юриш тақиқланади.

Шахсий автомобилларда фақат махсус рухсат берувчи стикерлар бўлгандагина ҳаракатланишга рухсат берилади. Шифокорларга ҳамда санитария-эпидемиология хизматлари ходимларига ўзларининг шахсий транспортларидан фақат иш жойига етиб бориш ва уйларига қайтиш учун, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ташувчиларига ҳамда тез ёрдам ва милициядан тортиб, ҳукумат мулозимлари ва дипломатларни ташийдиган автотранспортларга ҳаракатланишига рухсат берилган.

Пенсионерлар ҳамда аҳолининг кам таъминланган гуруҳларининг хавфсизлигини таъминлаш учун пенсия ва нафақаларни уйларига етказиб бериш ёки пластик карталарга ўтказишга қарор қилинди. Фуқароларнинг ногиронлик муддати карантин пайтида ўтиб кетса, уларни автоматик равишда тўрт ойга узайтириладиган бўлди.

Болалар боғчалари, мактаблар ва олий таълим муассасалари 10 майгача очилмайди. Мактаб ўқувчилари “Онлайн-мактаб” каналларидаги телевизион дарслардан фойдаланиш йўли билан ўқув дастурларини ўзлаштиришни давом эттиришлари тавсия қилинмоқда. Карантин тугагунга қадар мактаб ёки болалар боғчаларига қабул қилиш тўғрисидаги аризалар қабул қилинмайди.

Кўнгилочар ва спорт билан боғлиқ оммавий тадбирлардан ташқари барча диний конфессиялар диний маросимларини тўхтатдилар. Тошкент ва Ўзбекистон митрополити Викентий диндорларга насронийларнинг байрами – Пасха (бу йил 19 апрелга тўғри келган) муносабати билан мурожаат қилиб, коронавирус инфекциясининг тарқалмаслиги учун ҳукумат томонидан кўрсатилган барча эҳтиёт чораларни кўришга чақирди.

Ўзбекистонда 18 апрель ҳолатига коронавирус инфекциясининг 1469 та ҳолати аниқланган, 184 киши вирусдан соғайиб кетган ва тўрт киши вафот этган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ