Американинг Apple корпорацияси яқин кунларда Ўзбекистон, Молдова ва Барбадос фуқаролари учун App Storeдаги илова ва иловадаги харидлар нархини ўзгартиришини маълум қилди. Бундан қарор мазкур давлатларда жорий этилган янги қўшимча қиймат солиғи (ҚҚС) туфайли қабул қилинди, дейилади компания хабарида.
Spot.uz нашрининг маълумотига кўра, гап республикада 2020 йил 1 январидан жорий этилган «Google учун солиқ» ҳақида бормоқда. Бу қонун интернет орқали Ўзбекистондаги истеъмолчиларга хизмат кўрсатаётган хориж компанияларини 15 фоиз миқдорида ҚҚС тўлашга мажбур этади. Бундай хизматлар қаторига дастурий таъминот, онлайн-савдо, рекламани жойлаштириш ва ҳаказолар киради.
Давлат солиқ қўмитаси (ДСҚ) tax.uz махсус сайтини тузиб, унда интернет корпорацияларининг солиқ тўловчи сифатида қайддан ўтишига шароит яратган. У ердан керакли маълумотларни олиш мумкин. Порталда компаниялар рўйхати келтирилган.
Appleга келсак, ДСҚ Spot.uz мухбирига компаниянинг ариза топширгани, у ҳали рўйхатдан ўтмаганини маълум қилган. Шу йилнинг февраль ойида Давлат солиқ қўмитасининг матбуот хизмати қабул қилинган янги қоидалар ҳақида тушунтиришларни чоп этди.
«Оммавий ахборот воситаларида мазкур қўшимча қиймат солиғини «Google учун солиқ» деб номлашади – бу халқ онгига жойлашган норасмий талқиндир. Бу янги солиқ эмас, билакс, ҳаммага яхши таниш бўлган ҚҚС доирасининг кенгайтирилган кўринишидир. Уни мантиқан истеъмолчилар тўлайдилар, хориж компаниялари эса хизматларга 15 фоиз ҚҚС кўшган ҳолда истеъмолчилардан тушган суммани Ўзбекистон бюджетига йўналтиради», – дейилади пресс-релизда.
«Google учун солиқ» кўпгина давлатларда мавжуд. Масалан, у Россияда 2017 йили жорий этилган. 2019 йил 1 кварталида ўша пайтдаги Федерал солиқ хизматининг раҳбари Михаил Мишустин (ҳозирда у РФ Бош вазири) хориж компаниялари «Google учун солиқ» сифатида 12 миллиард рубль тўлаганларини маълум қилганди. 2018 йили ҳам шунча маблағ давлат ғазнасига келиб тушган. Мишустиннинг сўзларига кўра, сумманинг 70 фоизи йирик IT-компаниялари – Google, Apple, Facebookга тўғри келади.
Apple – американинг энг йирик компьютер, телефон, дастурий таъминотлар ишлаб чиқарадиган корпорациясидир. 2019 йил 28 декабрида тугаган молиявий йилнинг 2020 йил биринчи квартал якунига кўра, компаниянинг даромади $91,8 млрд ташкил этган. Бу Apple тарихида рекорд кўрсатгич ҳисобланади.