Россия авиакомпанияси Екатеринбургда ушланиб қолган мигрантлар учун Тошкентга рейс уюштирди

"Уральские авиалинии" самолёти. Wikipedia.orgсайтидан Curimedia фотосурати

Россиянинг «Уральские авиалинии» (Ural Airlines) компанияси 15 апрель куни Екатеринбургдан Тошкентга парвоз уюштирди. 152 нафар ўзбекистонлик ватанига етиб келди. Бу ҳақда авиакомпания матбуот хизматига таянган ҳолда ТАСС хабар беради. А320 русумли самолёт Екатеринбургдан соат 17:23 да учган ва Тошкентда соат 20:04 да қўнган. «Мазкур рейс Россия ИИВ чет эл фуқароларини вақтинча сақлаш марказидаги Ўзбекистон фуқароларини эвакуация қилиш учун уюштирилди», — дейилади матбуот хизмати хабарида.

Авикомпания ушбу чартер рейси режадан ташқари уюштирилганини маълум қилади. Уни ташкиллаштиришга Свердлов области бўйича инсон ҳуқуқлари вакили Татьяна Мерзлякова, Россия ТИВ, Миграия масалалари бошқармаси, область Суд ҳакамлари хизмати, Ўзбекистоннинг Екатеринбургдаги бош консули Абдусалом Хатамов ва Свердлов области губернатори Евгений Куйвашев ҳисса қўшган.

Тошкентга етиб келган барча йўловчилар 14 кунлик карантин назоратига олинадилар.

Ўзбекистон 16 мартдан чегарани бутунлай ёпди. Кейинчалик халқаро авиа, авто, темир йўл алоқаларининг апрель охирига қадар бекор қилингани маълум бўлди.

30 мартдан мамлакатдаги барча аэропортлар ўз фаолиятини тўхтатди. Ўзбекистон ҳукумати ватанига қайтолмаган айрим фуқароларга чартер рейслари уюштирган ҳолда ёрдам кўрсатди. Жумладан, Новосибирск аэропортида ушланиб қолган ўзбекистонликлар вақтинча хостелларга жойлаштирилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ