Ўзбекистон ҳукумати Cotton Campaign («Пахта кампанияси») коалициясини ўзбек пахтасидан бойкотни олиб ташлашга чақирди. Бундай чора коронавирус пандемияси даврида мамлакат иқтисодиётини қувватлаб туришга имкон бериши таъкидланади Ўзбекистон бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусановнинг очиқ мурожаатида. Вазир ўз илтимосини Халқаро меҳнат ташкилотининг сўнгги маърузасида «2019 йил, пахта ҳосилини йиғиш даврида тизимли мажбурий меҳнат ҳолатлари қайд этилмаган»и ва «Ўзбекистонда пахта йиғим-терими даврида болалар меҳнати қўлланилмаяпти», дея тасдиқлагани билан асослайди.
Ҳусанов Ўзбекистон ҳукуматининг мажбурий меҳнатни бартараф этишга йўналтирилган чора-тадбирларини эслатиб ўтади. Жумладан, жорий йилда мажбурий меҳнатдан фойдаланганлик учун жиноий жавобгарлик қўлланишига доир қонун қабул қилингани, «Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси»нинг тасдиқлангани ва унда аграр секторда давлат ролининг камайтирилганини таъкидлайди. Ўзбекистон 2020 йилдан бошлаб пахта ишлаб чиқаришни, нархни ва мажбурий сотишни давлат томонидан тартибга солишдан воз кечган.
«Албатта, биз Ўзбекистонда меҳнаткашларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида ҳали катта ишлар амалга ошириш кераклигини тўлиқ англаймиз ва коалиция томонидан яқинда айтиб ўтилган муҳим тавсияларни биз учун устувор аҳамиятга эга деб ҳисоблаймиз.
Бойкотини олиб ташлаш борасидаги мурожаатимга бугунги кундаги мажбурий меҳнатнинг барча шаклларини бартараф этиш бўйича эришилган аниқ стратегиямиз билан бирга яна бир бошқа сабаб бор.
Шу кунларда коронавирус пандемияси сабаб Ўзбекистоннинг соғлиқни сақлаш ва иқтисодиёт соҳалари кўрилмаган хавфга дуч келди», — деб ёзади Ҳусанов.
Вазирнинг эътироф этишича, бугунги кунда Ўзбекистон меҳнат бозори мисли кўрилмаган босимга дуч келмоқда: Республиканинг бир ярим миллиондан ортиқ фуқароси ишсиз. Мамлакатда амалга оширилаётган кескин (чоралар) изоляция туфайли 150 минг фуқаро мажбуран ишсиз қолган, чет элдан қайтган 140 мингдан ортиқ фуқаролар доимий даромадларидан маҳрум бўлишган, 200 мингдан ортиқ оила қашшоқлик ёқасига келиб қолган.
Шу боис пахта бойкотини олиб ташлаш қарори ҳал қилувчи роль ўйнаши мумкин. Ўзбекистон тўқимачилик саноати аҳоли бандлигини таъминлашда етакчи тармоқлардан бири ҳисобланади. Фақат ишлаб чиқаришда қарийб 7 000 корхонада 200 мингдан ортиқ аҳоли иш билан банд бўлганлиги боис бир миллион аҳоли барқарор даромадга эга.
Ҳусановга кўра, бойкотнинг бекор қилиниши коронавирусга қарши глобал курашга ҳам ўз ҳиссасини қўшади.
«Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилари қисқа вақт ичида вазиятга мослашган ҳолда шахсий ҳимоя воситалари ишлаб чиқаришини ўн баробарга оширди. Ишлаб чиқарувчи ва сотувчилар бойкотга дуч келмаганида, ўзбек тўқимачилигида тайёрланган ниқоблар, жарроҳлик либослари ва бошқа турдаги шахсий ҳимоя воситалари юзага келаётган глобал вазиятни бартараф этишда мадад бўлиши мумкин эди», — дейилади мурожаатда.
Ўзбекистонда ўн йиллар давомида мажбурий меҳнатдан фойдаланиб келинган. Унга бюджет ва хусусий ташкилот ходимлари, талаба ва мактаб ўқувчилари ёппасига жалб қилинган. Cotton Campaign коалицияси Uzbek Cotton Pledge акциясини эълон қилган ва унда 300 га яқин брендлар иштирок этади. Улар ўз навбатида Ўзбекистонда мажбурий меҳнат бартараф этилмагунча ўзбек пахтасидан фойдаланмаслик мажбуриятларини олганлар. 2000 — йиллар сўнггидан бошлаб мажбурий меҳнатдан фойдаланганлик сабаб ўзбек пахтаси бир неча бор расман товарлар қора рўйхатига киритилган.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳукумати бу борада вазиятни яхшилашга эришолди. Жумладан, ёппасига болалар меҳнатидан фойдаланишга чек қўйилди, талаба, врач ва педагоглар пахта ҳосили теримига жалб этилмаяпти. Меҳнат вазирлиги одамларни далага ҳайдаётган амалдорларга қарши шикоят аризаларини қабул қилиб, уларга нисбатан интизомий чоралар ва жарималар қўлламоқда.
2018 йил сентябрда АҚШ ўзбек пахтасини болалар меҳнати фойдаланилган товарлар рўйхатидан чиқариб ташлади. Cotton Campaign республикада эришилган ютуқларни тан олган, лекин мажбурий меҳнат борасида вазият буткул яхшиланмагунига қадар бойкотни сақлаб қолади.
Cotton Campaign – коалиция бўлиб, 2007 йилдан бери халқаро ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари, касаба уюшмалари, кийим-кечак ишлаб чиқарувчи компаниялар ва инвесторларни бирлаштириб, Ўзбекистон ва Туркманистоннинг пахтачилик секторида болаларни мажбурий меҳнатга жалб қилинишини бартараф қилишга ҳаракат қилади.
2020 йили қишда Cotton Campaign делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюрган ва ташрифга оид доклад шу йил баҳорда эълон қилиниши кутилмоқда.