Ўзбекистонда доллар курси 14 апрель куни кечга бориб деярли 400 сўмга кўтарилиб, 10 000 сўмлик поғонадан ошиб кетди. “Dollar.Uz” сайтидаги маълумотларга қараганда, кўпчилик банклар долларни 10 050 дан бошлаб 10120 сўмгача бўлган нархда сотиб олишга тайёр (“Микрокредитбанк”), бироқ ҳаммалари сотиш нархини 10 150 сўм қийматида белгилаганлар.
Олдинроқ банклар долларни 9800-9850 сўмдан сотишаётган ва 9750-9780 сўмдан олишаётган, ой бошида эса долларнинг нархи 9500-9600 сўм эди.
13 апрель куни доллар 2019 йил августидан бери илк бора 100 сўмга кўтарилди. Марказий Банк апрелдаги ўзгаришларни импорт ва экспорт ҳажмининг қисқаргани, трансчегаравий пул тушумлари пасайгани ҳамда аҳоли томонидан хорижий валютага бўлган талабнинг ўсгани билан изоҳлади. Коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар шароитида савдо ва инвестициявий операцияларнинг секинлашгани ички валюта бозоридаги фаолликнинг пасайишига олиб келди.
Ўзбекистоннинг асосий савдо шериклари бўлмиш Россия ва Қозоғистон миллий валюталарининг девальвацияси ҳам сўмнинг долларга нисбатан курсининг ўзгариши сабабларидан бири сифатида кўрсатилмоқда. Март ойида, коронавирус пандемияси ва ОПЕК+ ташкилотидаги нефть қазиб чиқариш ҳажмларини пасайтиришни назарда тутувчи битимнинг бузилиши шароитида эталон русумларидаги нефтнинг нархлари қулаганидан сўнг, уларнинг валюталари ҳам қадрсизланиб қолган эди.
Россия ва ОПЕК 4 апрель куни 2020 йилнинг май-июнь ойларида бир кеча кундузда қазиб чиқариладиган нефть ҳажмини 9,7 миллион баррелгача чеклаш тўғрисида келишиб, 12 апрель куни шу мазмундаги энг йирик шартномани имзоладилар. АҚШ президенти Дональд Трамп “юз минглаб америкаликларга иш ўринларини сақлаб қолишга ёрдам берадиган” ушбу шартномани тузганлари учун Саудия Арабистонининг қироли ва валиаҳд шахзодасига, Россия ва Мексика президентларига ўз миннатдорчилигини билдирди.