Андрей Канчельскис Ўзбекистон фуқаролигини олмоқчи

Андрей Канчельскис . Championat.asia сайти фотосурати

Наманганнинг «Навбаҳор» клуби бош мураббийси россиялик Андрей Канчельскис яқин орада Ўзбекистон фуқаролигини олишини маълум қилди. Бу ҳақда мутахассис Championat.Asia сайти нинг «Тезкор студия» кўрсатувида айтиб ўтди.

Канчельскис коронавирус пандемияси туфайли Ўзбекистонни тарк этолмаган. Россиялик мураббий Наманган клубида «ўзини яккалаш» тартибида яшамоқда.

«Мен бу ерда пропискадан ўтдим. Яқинда «ўзбек» бўламан. Инглиз, рус фуқаролиги бор, яқинда ўзбек фуқаролигини оламан. Ҳаммаси жойида. Энди шу ерда, Ўзбекистонда яшаймиз», — дейди Канчельскис.

Мураббийнинг сўзларига кўра, унинг фарзандлари Лондонда яшайди, лекин у бу шаҳарга боришни хоҳламайди. Москва ва Наманган мураббий учун бирдек бўлиб қолган. Канчельский Москвага учмоқчи бўлганди, лекин бунинг иложи бўлмаган.

Канчельскис у билан базада легионерлар ҳам яшаётганларини айтади. Жорий мавсумда тўртта россиялик қатори тожикистонлик Амирбек Жўрабоев ҳам буюртма рўйхатига тушган.

Канчельскис собиқ совет иттифоқи ҳудудида энг омади чопган футболчи ҳисобланади. Ярим ҳимоячи украинларнинг «Звезда», «Динамо», «Шахтер» клубларида, Англиянинг «Манчестер Юнайтед», «Эвертон», «Манчестер Сити» ва «Саутгемптон» жамоаларида, Италиянинг «Фиорентину», шотландларнинг «Рейнджерс», россияликларнинг «Сатурн» ва «Крылья Советов» футбол клубларида тўп сурган. «Манчестер Юнайтед» таркибида Канчельскис 123 та матч ўтказиб, 47 та гол урган, икки марта Англия чемпиони бўлган, мамлакат Кубоги, Лига кубоги ва икки марта Англия Суперкубогини қўлга киритган.

Мураббий сифатида Канчельскис Россиянинг «Торпедо-Зил» (Москва), «Уфа», «Волга» (Нижний Новгород) ва «Солярис» (Москва) клубларида ишлаган. У 2018 йил октябрь ойидан «Навбаҳор» жамоасини бошқара бошлади, 2019 йил қониқарсиз натижалар туфайли истеъфога чиққан. Лекин мураббий орадан икки ой ўтиб Наманганга қайтади ва «Навбаҳор» билан уч йиллик шартномани имзолайди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ