Ўзбекистонлик ҳужумчи “Хўжанд” таркибида ўзининг биринчи голини урди

Андрей Сидоров . Ўзбекистон халқаро пресс-клуби фотосурати

Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг ҳужумчиси Андрей Сидоров Тожикистон чемпионатидаги ўзининг биринчи ўйинидаёқ гол урди. Футбол учрашувини Тожикистон Футбол федерациясининг расмий сайтида кўриш мумкин.

Сидоров “Хўжанд” жамоасининг асосий таркибида Душанбенинг “МАСК-Памир” жамоасига қарши майдонга чиқди ва ўйин 3:1 ҳисобида хўжандликлар фойдасига ҳал бўлди.

Танаффусга бир дақиқа қолганида ўзбекистонлик футболчи рақиб дарвозабонининг устида сакраб ўтиб, учрашувдаги ҳисобни очди. Иккинчи таймнинг 63 дақиқасида бурчакдан тўп узатилганидан сўнг Хуршед Бекназаров хўжандликдар устунлигини кучайтирди. Уч дақиқа ўтганида армиячилар озчиликда қолдилар, аммо беш дақиқа ўтиб бурчакдан тўп узатилиши натижасида Шодибек Ғаффоровнинг омади келиб, орадаги фарқни қисқартирди. Қўшиб берилган вақт ичида “Хўжанд” ҳимоячиси Манучеҳр Аҳмедов пенальтидан гол уриб, сўнги ҳисобни ўрнатди.

Ўзбекистоннинг яна бир вакили Азизжон Зарипов “Файзканд” жамоаси таркибида “Локоматив-Помир”га қарши ўтказилган учрашувда ўйин тугашига йигирма дақиқа қолганида гол уриб, ўз жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди (2:2).

Туркманистонлик легионер Вахт Оразсахедов “Истиқлол” таркибида “Душанбе-83” жамоасини йирик ҳисобда мағлубиятга учратишга ўз ҳиссасии қўшиб, чемпионатнинг биринчи учрашувида гол урди (7:0), ушбу учрашувда Манучехр Жалилов учта гол уриб, ўз ҳисобига хет-трик, Шериддин Бобоев эса иккита гол уриб, дублни ёзиб қўйди.

Тожикистон чемпионатининг биринчи туридаги қолган учрашувларда “Вахш” жамоаси “Истарафшон” устидан ғалаба қозонди (2:1) ва “Кўктош” эса “Регар-ТадАЗ” билан дурранг натижага эришди (0-0).

Тожикистон футбол чемпионатининг иккинчи тури 11 ва 12 апрель кунлари ўтади.

Андрей Сидоров – Тошкентнинг “Пахтакор” жамоасининг тарбияланувчиси, турли пайтларда “Қўқон”, Фарғонанинг “Нефтчи” ва Навоийнинг “Қизилқум” жамоалари таркибида ўйнаб келган. Ҳужумчи ўтган мавсумни “Бухоро” жамоасида ўтказган. Жорий мавсумнинг бошида “Хўжанд” жамоасига ўтиб кетган. Сидоров 2018 йилда Ўзбекистон ёшлар терма жамаоси таркибида Осиё чемпионатининг Вьетнамга қарши финал учрашувида ғалаба келтирувчи голни уриб, қитъа чемпиони унвонига эга бўлган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ