«Пахтакор» мураббийси Ўзбекистонни хусусий самолётда тарк этди

Шота Арвеладзе . "Пахтакор" ФК матбуот хизмати фотосурати

«Пахтакор» футбол клубининг бош мураббийси, грузин мутахассиси Шота Арвеладзе Ўзбекистондан Туркияга хусусий самолётда учиб кетди, деб хабар беради Vice.

Мураббий коронавирус пандемияси туфайли Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган.

«Менда астма касаллиги борлиги учун эҳтиёткор бўлишим керак. Оила аъзоларим Истанбулда яшайди, мен туркларнинг «Қосимпошшо» клубида ишлаб юрган кезларим у ерда уй сотиб олганман. Мен жадвал бўйича барча рейслар қатнови бекор қилингани боис у ерга фақат хусусий самолётда учиб боришим мумкин эди», — дейди Арвеладзе.

Тренер у билан бирга «Пахтакор»да ишлаётган акаси Арчил Грузияда эканини айтади. Мураббийнинг ёрдамчилари нидерландиялик Питер Хейстр ва венгр Ласло Ямбор Тошкентдан учиб кетишни кутишмоқда.

Шота ва Арчил Арвеладзе қачон Ўзбекистонни тарк этишгани номаълум. «Пахтакор» клубининг директори Жафар Ирисметов 25 мартда «Фарғона»га берган интервьюсида бош мураббий у билан бирга қолгани, лекин Арвеладзе мамлакатда қачонгача қолишини билмаслигини айтганди.

«Навбахор»нинг бош мураббийси, россиялик Андрей Канчельскис клуби билан бирга қолгани хабар қилинган.

Ўзбекистонда 16 мартдан карантин эълон қилинган. Шунда юк ташувчи ва махсус чартер рейсларидан ташқари барча авиапарвозлар бекор қилиниши қарор қилинган. Туркия 27 мартда бошқа давлатлар билан авиапарвозларни бекор қилди. Шунга қарамасдан айрим компаниялар дунёнинг исталган нуқтасига хусусий самолётда парвоз уюштиришни таклиф этмоқдалар.

Пневмония касаллигини келтириб чиқарувчи коронавирус 2019 йил декабрида Хитойнинг марказий ҳудудидан жаҳонга тарқала бошлади. Сўнгги маълумотларга кўра, бугунги кунда дунё бўйича 1,4 миллион одам мазкур вирусга чалинган, 82 мингта одам оламдан ўтган. Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 534 кишига етди, уч киши мазкур инфекция сабаб вафот этган. Туркияда 34 минг одам коронавирусга чалинган, улардан 725 нафари оламдан ўтган.

Шота Арвеладзе 2017 йилдан бери «Пахтакор»га мураббийлик қилиб келмоқда. Ўтган мавсумда жамоа Ўзбекистон чемпионатида олтин медални қўлга киритди. Тошкентга келгунга қадар Арвеладзе нидерландларнинг «АЗ Алкмаар», туркларнинг «Кайсериспор», «Қосимпошшо» ва «Трабзонспор» клубларида, шунингдек Исроилнинг «Маккаби» (Тель-Авив) клубида фаолият юритган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ