Коронавирус туфайли Россиядаги пул ўтказмалари учдан бир қисмга тушиб кетди

Business-class.su сайти фотосурати

Коронавирус пандемияси туфайли март ойида Россиядан хорижга пул ўтказмалари сезиларли даражада тушиб кетди. Бу ҳақда РБК йирик пул ўтказмалари тизимларига таянган ҳолда хабар беради.

Ўтган ойда «Золотая корона» компаниясида пул ўтказмалари ўтган йилги мана шу ой кўрсатгичига нисбатан 30 фоизга камайган. Компания апрель ойида хорижга пул ўтказмалари 50 фоизга тушиб кетишини кутмоқда. «Юнистрим»да эса март ойида кўрсатгич 35 фоизга тушиб кетган. Бундан ташқари, март ойида «Юнистрим» мижозлари онлайн-каналлари орқали тўрт баробар кўп пул маблағларини ўтказганлар.

Юқорида пул ўтказмалари тизимидан хабардор нашр ходимининг сўзларига кўра, бу ҳолат коронавирус эпидемияси сабаб чегараларнинг ёпилиши, савдо-хизмат корхоналарининг ишлари тўхтаб қолгани туфайли юз берган.

Манбага кўра, пул ўтказмаларининг тушиб кетиши баҳорда мигрантларнинг Россияга ишга келолмаслиги билан янада кескинлашади.

2019 йил якунига кўра, Россиядан МДҲ давлатларига пул ўтказмалари тизимлари орқали $6094 млрд юборилган. Булар орасида $3057 млрд миқдор билан Ўзбекистон етакчилик қилади. Тожикистонга $669 млн, Қирғизистонга — $612,2 млн, Қозоғистонга — $183,8 млн пул жўнатилган.

Март ойи ўртасида «Золотая корона» вакиллари Ўзбекистондан Россияга пул ўтказмалари 50 фоизга кўпайганини маълум қилгандилар. Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, бу ҳолат долларга нисбатан рублнинг кескин қадрсизланиши билан боғлиқ бўлган. Жўнатилган пулларни долларда йиғиб юрган мигрантларнинг қариндошлари валютани орқага, яъни Россияга қимматбаҳо товарларни сотиб олишга, кейинчалик уларни Ўзбекистонда қайта сотиш учун жўната бошлаганлар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ