Ўзбекистонда бир қатор дори воситаларининг импортига бож тўловлари вақтинчалик бекор қилинади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёевнинг 27 март куни имзолаган “Аҳолининг дори воситалари, тиббий буюмлар, тиббий техника ва энг зарур товарларга бўлган эҳтиёжини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарорида сўз юритилади. Ҳужжат матнини ЎзА чоп этган. “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кучайтирилган тартибнинг амал қилиш даврида” дори воситалари, тиббий буюмлар, тиббий техника, уларни ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган хомашё, материаллар ва субстанцияларга нисбатан божхона тўловлари ундирилмайди.
Бундай товарлар рўйхати Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Фармацевтика соҳасини ривожлантириш бўйича агентлиги томонидан тузилади. Қарорда муайян номалар келтирилмаган.
Президент шунингдек, солиқ, божхона ва монополияга қарши қўмитасига дори воситаларининг нархи устидан назорат қилиб бориш ҳамда уларнинг “сунъий кўтарилишига” йўл қўймаслик вазифаси топширилди.
Қарорда айрим тайёр дори воситалари ва тиббий буюмларга уч ойгача бўлган муддатга қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёз ҳамда айрим турдаги энг зарур товарлар рўйхатини шакллантириш ва уларни импорт қилишда уч ойгача бўлган муддатга божхона божи ва акциз солиғи ставкаларини 0 фоизгача камайтириш ҳуқуқлари берилиши кўзда тутилган (бу ерда ҳам муайян номалар келтирилмаган).
Олдинроқ Ўзбекистонда тиббий ниқобларга эҳтиёж ва талаб кўтарилганида, уларни лицензиясиз ишлаб чиқариш ва сотишга рухсат берилганди. Белгиланган қоидаларга кўра, жамоат жойларида ниқоблар тақиб юриш мажбурий қилиб қўйилди. Тошкентда ИИББ маълумотига кўра, бир кеча-кундуз ичида мингга яқин ниқоб тақмаган ўткинчилар аниқланди. Уларга нисбатан “эпидемияларга қарши кураш қоидалари”ни бузиш бўйича баённомалар тузилди.
Ўзбекистонда 144 та коронавирусга чалиниш ҳолати қайд этилган. Инфекция юқтириб олган беморларнинг иккитаси вафот этган. Биринчи бемор сурункали касаллиги бор эди, у инфарктдан вафот этди. Вафот этган иккинчи бемор 39 ёшли эркак шифокор бўлиб, у Франциядан қайтган биринчи бемор билан мулоқотда бўлган. У ўз касаллигини дастлаб билган бўлса-да, уйида яширинча даволанишга уринган. Касалликнинг оғир даври бошлангандан сўнг 26 март куни Тошкент шаҳридаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти клиникасига тез ёрдам хизмати орқали ётқизилган. 27 март куни эса Вирусология илмий текшириш институтига ўтказилган.
Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига чалинишнинг биринчи ҳолати 15 март куни қайд этилган. Мамлакатда карантин эълон қилинган. Барча таълим муассасалари, кинотеатрлар, болалар ўйнайдиган хоналар, буюм бозорлари ёпиб қўйилди, масжидларда жамоат намозларини ўқиш тўхтатиб қўйилди. 27 мартдан бошлаб юк ташувчи машиналардан ташқари барча турдаги транспортларнинг қатнови тўхтатиб қўйилди. 30 мартдан бошлаб 20 апрелга қадар Ўзбекистон бўйича барча автомобиль транспортларнинг махсус рухсатномасиз ҳаракатланиши тўхтатиб қўйилди.
Бундан ташқари, бошқа чекловлар ҳам киритилди.
Шунингдек, аҳолига фақат ўта зарур ҳолатлардагина уйдан кўчага чиқиш тавсия қилиниб, жамоат жойларида учтадан ортиқ одамнинг тўпланиб туриши тақиқланди. Кўчада медицина ниқобларини тақиш мажбурий қилиб қўйилди, қоидани бузганлар жаримага тортила бошланди.