Чегаралар ёпилгани сабаб, Қозоғистон ва Қирғизистон чегара назорат пунктларида 700 га яқин ўзбекистонликлар тўпланиб қолган, деб хабар беради «Озодлик».
25 март куни ўзбек-қозоқ чегарасида 500 дан ортиқ , ўзбек-қирғиз чегарасида эса 150 дан ортиқ ўзбекистонликлар йиғилиб қолган.
Ўшдаги «Достук» чегара пунктида ўзбекистонликлар мана икки кундан бери чегарани кесиб ўтишга рухсат кутиб турибдилар. Қирғизистон чегара хизматининг масъул ходими ўзбек ҳукумати билан олиб борган музокаралардан сўнг, 24 март куни 320 нафар фуқаро чегарани кесиб ўтганини, яна 150 та одам навбат кутиб турганини маълум қилди.
Қозоғистоннинг Атирау шаҳрида меҳнат қилган нукуслик 35 ёшли Пўлат «Тажен» ўзбек-қозоқ чегарасидан ўтолмай яна Қозоғистонга қайтиб кетганини айтади. Унинг сўзларига кўра, Россия ва Қозоғистонда ишлаб қайтаётган 400 га яқин мигрантлар чегарада йиғилиб қолган. «Мен чегарада бир қанча вақт кутиб, кейин Атирауга қайтиб кетишга қарор қилдим. Кўпгина танишларим ҳам таксида ортга қайтиб кетдилар, лекин кўпчилик чегарада қолган», — дейди мигрант.
Қозоғистон томонидан «Жибек жоли» ва ўзбек томонидан «Ғишт Кўприк» постлари ёпиқ. Сайт юклаган видеотасвирда ўзбекистонликларнинг КПП олдидаги асфальтда ётганини кўриш мумкин. «24 март куни кечқурун Ўзбекистон чегарадан қариялар, болали аёлларнинг ўтишига рухсат берди», — дейди нашр манбаси.
Қозоғистондаги «Дўстлик» ўзбеклар жамиятининг раиси Икром Хошимжонов «Жибек жоли» пунктидаги мигрантлар билан учрашиб, Маккага зиёрат қилган аёллар ҳайрияси эвазига сотиб олинган озиқ-овқатларни мигрантларга топширди. Унинг сўзларига кўра, хукумат ичкарида карантинга олиш имконига қараб одамларнинг чегарани кесиб ўтишига изн беряпти.
23 март куни Ўзбекистон 629 та, 24 март куни 800 нафарга яқин одамларни ўз ҳудудига киритган. Биз чегарадаги вазиятни тўлиқ назорат қиляпмиз», — дейди Хошимжонов.
Унинг сўзларига кўра, ўзбек-қозоқ чегарасида 47 нафар Тожикистон фуқароси ҳам бор. Улар Ўзбекистон орқали ўз юртига етиб олиш илинжидалар. Тожикистон ҳукумати улар учун коридор очилиши борасида музокаралар олиб бормоқда.
Тожикистонликлар учун бу каби муаммо «Ойбек» — «Фотехобод» чегара пунктида ҳам юз берганди.
Март ойи ўртасида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон бирин-кетин чегарасини ёпти ва авто, темир йўл, ҳаво алоқалари кескин тўхтатди. Қозоғистонда коронавирусга чалинганлар сони 86 тага, Ўзбекистонда 60 тача одамга етди. Қирғизистонда ушбу касалликка чалинганлар сони 44 нафар бўлса, Тожикистонга оид бирорта маълумот йўқ.