Австралия ва Канада 2020-йилги Олимпиадада иштирок этишдан бош тортди

Канада олимпия спортчилари . Olympic.ca сайти фотосурати

Австралия ва Канаданинг Олимпия қўмиталари коронавирус пандемияси сабаб, 2020 йили Токиода ўтказилиши режалаштирилган Олимпия ўйинларида иштирок этишдан бош тортди. Австралия олимпия қўмитаси (АОҚ) ўз мурожаатида спортчиларини ёзги Олимпиада ўйинларига юборолмаслигини таъкидлайди. Қўмита спортчиларнинг ўз саломатлиги ва атрофдагилар хавфсизлиги борасида қайғуриши устувор масала эканига урғу беради.

Бундан ташқари баёнотда «пандемия спортчиларда стресс ва ўзига ишонмасликни уйғотиши» ёзилган. Шу сабаб, қўмита Олимпиада ўйинларини 2021 йилга кўчиришни таклиф этади.

Канада олимпия қўмитаси (КОҚ) ва Канада параолимпия қўмитаси (КПҚ) тезкор мажлис ўтказиб, миллий жамоаларини Токиодаги олимпиада ўйинларига юбормасликка қарор қилган.

КОҚ ва КПҚ ҳам Олимпия ўйинларини бир йилга суриш таклифини киритади.

Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) 2020-йилги Олимпиадани бошқа муддатга кўчириш кундалик тартибда турмаганини маълум қилганди. Лекин шу билан бирга коронавирус пандемияси туфайли Олимпия ўйинлари 45 кундан икки йилгача бошқа муддатга кўчирилиши мумкинлиги айтилган.

2020- йили Токиода ўтказилиши режалаштирилган ёзги Олимпия ўйинларида жаҳоннинг 205 мамлакатидан 12 минглан тортиқ спортчилар қатнашиши кутилганди.

Пневмония касаллигини келтириб чиқарувчи коронавирус инфекцияси дастлаб Хитойнинг Ухань шаҳридан тарқала бошлади. Оз муддат ичида вирус ўнлаб мамлакатларни қамраб олди. Бироқ, ҳозирда Хитойда касаллик тарқалиши пасайиб бормоқда.

Сўнгги маълумотларга кўра, дунё бўйича 339 мингта одам коронавирус билан касалланган, улардан 14,7 минг киши оламдан ўтган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирус билан боғлиқ вазиятни пандемия деб баҳолади. Бундай даража инфекция дунё бўйлаб кенг тарқалган ҳолатда белгиланади ва ҳар бир мамлакат ўз ихтиёрига кўра инфекция билан курашиш ҳуқуқига эга бўлади. Кўпгина мамлакатларда карантин ҳолати эълон қилиниб, транспорт алоқалари вақтинча тўхтатилди, оммавий тадбирлар бекор қилинди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди

  • Таъсир доираси ўз ватани сарҳадларидан ошиб ўтган турк илоҳиётчиси Фатҳуллоҳ Гулен аслида ким бўлган?