Саудия Арабистонидаги иккита муқаддас қадамжо ёпилди

Маккадаги Масжидул- Ҳарам . Islam.ru сайти фотосурати

Саудия Арабистони Маккадаги Масжидул-Ҳарам ва Мадинадаги Масжидун-Набавийни номаълум муддатга ёпди. Бу ҳақда «Ал-Арабия» телеканалига таянган ҳолда ТАСС хабар беради.

Коронавирусга қарши чоралар дастури доирасида ҳукумат шундай қарорга келган.

«Вирус тарқалишини олдини олиш мақсадида диндорларнинг муқаддас қадамжоларга кириши ва ибодат қилиши тақиқланади», – дейди Ҳарамайн Бош бошқармасининг матбуот котиби Хани бин Ҳусни Ҳайдар.

Тақиқ «вирус барҳам топмагунча» амалда бўлади.

Бундан аввал, 17 март куни Қироллик Макка ва Мадинадаги муқаддас масжидлардан ташқари мамлакатдаги барча масжидларнинг ёпилишини эълон қилганди.

20 март маълумотларига кўра, Саудия Арабистонида 274 одамнинг коронавирус билан касаллангани қайд этилган. Бошқа давлатлар каби, бу мамлакатда ҳам оммавий тадбирлар бекор қилинган, авиапарвозлар тўхтатилган. Бундан аввал Саудия Арабистони ҳукумати умра сафарига отланганларни Макка ва Мадина шаҳарларига киришини тақиқлаганди.

Пневмония касаллагини келтириб чиқарувчи коронавирус дастлаб Хитойнинг марказий провинцияларидан тарқала бошлади. Сўнгги маълумотларга кўра, вирусдан касалланганлар сони 244 мингдан ортган, 10 минг одамнинг вафот этгани қайд этилган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти COVID-19 коронавирусини пандемия деб эълон қилди. Бундай атама касаллик дунё бўйича кенг тарқалганда қўлланилади, лекин у давлатларнинг мажбурий чоралар кўришига мажбур этмайди.

Кўп давлатларда карантин чоралари кўрилган, чет эллар билан транспорт алоқалари бекор қилинган, оммавий табдирлар тўхтатилган.

Касаллик одамда оғир ёки енгил ҳолатда кечиши мумкин. Хитой олимларининг таъкидлашича, енгил касаллар бир ҳафтада даволаниб кетади, оғир формадаги касалларнинг даъволанишига икки ҳафта ва ундан ортиқ муддат талаб этилади.

Хитойда коронавирусдан касалланган одамларнинг 75 фоизи соғайиб кетган.

Қатор мамлакатларда вирусга қарши вакцина ишлаб чиқариш ҳаракатлари бошланган. Жамладан, АҚШда март ойининг ўртасидан ишлаб чиқилган вакцинани синовдан ўтказиш ишлари бошланди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ