ОФК Марказий Осиёнинг янг яхши ёш футболчиларини эълон қилди

Гулжигит Аликулов . "Кайрат"ФК матбуот хизмати фотосурати

Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) Марказий Осиёдаги еттита энг яхши ёш футболчилар номини эълон қилди. Футболчилар рўйхати ОФК сайтида эълон қилинган.

ОФК экспертларининг фикрига кўра, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистондан иккитадан футболчи ва Эрондан битта ўйинчи ўзини яхши кўрсата олган. Энг яхши футболчиларнинг рўйхати қуйидагича тузилган:

Остон Урунов (Ўзбекистон) – «Пахтакор» да тарбия олган. 16 ёшдан Наманганнинг «Навбаҳор» жамоасида тўп сурган. Шу йилнинг февраль ойида 19 ёшли футболчи Россиянинг «Уфа» клуби билан шартнома имзолаган ва бугунга қадар РФ чемпионатида иккита мусобақада иштирок этишга улгурди.

Transfermarktга кўра, ўйинчи 1 млн еврога баҳоланади.

Жасурбек Жалолиддинов (Ўзбекистон) – «Бунёдкор»нинг 17 ёшли ўйинчиси. 2018 йили жамоанинг асосий таркибида тўп сурган. Ўтган мавсумда жами 23 та турнирда қатнашиб, иккита гол урган, республика Суперлигасида жамоанинг бронза медалини қўлга киритишига ёрдам берди. Жасурбек мамлакатнинг 2019 йилдаги энг яхши футболчиси, деб тан олинган. Ўзбекистон терма жамоаси сафида битта мусобақада қатнашган. Футболчи 500 минг еврога баҳоланади.

Гулжигит Аликулов (Қирғизистон) – Бишкекнинг «Дордой» клуби ўйинчиси. 2017 йили «Антальяспор» турк клубида тўп сутган . Қирғизларнинг «Кара-Балта» ва «Алга» жамоаларида ўйнаган. Йил бошида белорусларнинг «Неман» футбол клуби билан уч йиллик шартномани имзолаган. Гроднолик футболчилар рўйхатида 24 та ўйинда қатнашиб, тўртта гол киритган ва тўрт марта гол бўлган тўпларни узатган. Бу йили ёш футболчи қозоқларнинг «Кайрат» клубига ўтган. 19 ёшли Аликулов миллий жамоа таркибида тўртта ўйинда иштирок этиб, иккита гол урган. 2019 йили Қирғизистоннинг энг яхши футболчиси, деб тан олинган. Футболчи 400 минг еврога баҳоланади.

Бекназ Алмазбеков (Қирғизистон) – рўйхатдаги энг ёш футболчи. «Галатасарай» ёшлар жамоасининг 14 ёшли сардори арбитрни нотўғри ҳисоблади деб, рақиб дарвозасига пенальти тепишдан воз кечгани билан машҳур бўлган. Қирғизистоннинг ёшлар жамоаси номидан иштирок этади. ОФК экспертларининг фикрича, «Фанербахче» клуби таркибида ўйнаётган яна бир қирғизистонлик Автандил Дуйшоев қатори Алмазбеков турклар чемпионатида яхши натижаларни кўрсатган қирғиз футболчиси саналади.

Рустам Соиров (Тожикистон) – «Локомотив-Памир»да вояга етган 17 ёшли футболчи ёшлар жамоасининг бронза медалини қўлга киритишига ва 2019 йил дунё чемпионатига йўл олишига катта ҳисса қўшган. Соиров душанбеликларнинг «Истиқлол» клубида тўп суради.

Муҳриддин Хасанов (Тожикистон) – Тожикистон ёшлар жамоасининг голкипери. Осиё ёш футболчилар чемпионатида яхши натижалар кўрсатган, КХДР жамоаси билан учрашувдаги пенальтилар бўлимида жамоани қутқариб қолган. Экспертларнинг айтишича, у «Хўжанд» жамоаси дарвозабони Маъмур Икромов ўрнини босиши мумкин. 17 ёшли голкипер асосий жамоа таркибида март ойидаги ўйинда иштирок этди.

Аллахияр Саядманеш (Эрон) – 18 ёшли ўйинчи Эрон терма жамоаси тарихида гол урган энг ёш футболчи саналади. Ҳозирда туркларнинг «Фенербахче» клубида тўп суради. Экспертлар эронликнинг катта потенциалга эга эканига ишонадилар. Аллахияр Эрон миллий жамоаси таркибида битта ўйинда иштирок этиб, битта гол урган. Ўйинчи 400 минг еврога баҳоланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ