Ўзбекистоннинг биринчи президентини катта қизи Гулнора Каримова 13 йил 4 ой озодликдан маҳрум бўлиш янги жазосини олди. Бу ҳақда республика Олий судининг матбуот хизмати хабар беради.
Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, судланувчи Г. Каримовани жиноий уюшма ташкил этиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбли деб топган.
Жиноят қонунчилиги нормаларига мувофиқ ҳамда бир неча жиноят ва ҳукмлар мажмуи бўйича жазо тайинланганлигини инобатга олган ҳолда жазо муддатини 2015 йил 21 августдан бошлаб ҳисоблаш белгиланган.
Суд ҳукмига кўра, Н. Содиковга 20 йил, О. Свиридовга 17 йил 3 ой, А. Эргашевга 18 йил 1 ой, Ш. Сабировга 17 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси, Г. Авакьянга 3 йил синов муддати билан 5 йил 3 ой 21 кун шартли равишда озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Ж. Абдурахманов ва Б. Тешабаев эса жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиб кетганлиги муносабати билан жиноят учун жавобгарликдан озод қилиндилар.
Суд жараёни жиноят ишлар бўйича Тошкент шаҳар судида бўлиб ўтди.
Каримовага нисбатан янги жиноят иши очилгани 2019 йил декабрь ойида маълум бўлганди. Тергов версиясига кўра, Каримова ўз яқинларидан иборат уюшган жиноий гуруҳни бошқарган. Жиноий гуруҳ саноат корхоналарига рейдерлик ҳужумларини ўтказиш билан шуғулланган. Жиноятчилар босим, қўрқитишлар билан турли корхона бошлиқларини мулкларни Каримова тасарруфида бўлган компаниялар ихтиёрига ўтказишга мажбурлаганлар. Етказилган зарар миқдори $165 млн ва 85 млрд сўмни (деярли $9 млн) ташкил этади.
2015 йили Каримова беш йил озодликдан чекланиш ҳукмини олади, 2017 йили суд унга нисбатан 10 йиллик қамоқ жазосини белгилайди, 2018 йили иккинчи жиноий иш бўйича жазо беш йил эркинликни чеклаш қарорига алмаштирилади. Гулнора Каримова «жазони ўташ шартларини қўпол равишда бузганлиги» учун 2019 йил бошида Зангиотадаги аёллар колониясига ўтказилади.