Ўзбекистонда COVID-19 билан касалланган одамлар сони саккизтага етди, деб хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги Telegram-канали.
Инфекция 14 март куни Лондондан HY201 рейси билан учиб келган одамда ва унинг қариндошида аниқланган.
Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлиги аниқланган биринчи одам 11 март куни Париждан учиб келганди. Ўша кун бу аёлнинг қизи ва ўғлида ҳам вирус борлиги аниқланган. 16 март куни эса тиббий кўрик аёлнинг турмуш ўртоғи ва набираси коронавирус билан касалланганини кўрсатди. 16 мартда Истанбулдан учиб келган ўзбекистонликда вирус борлиги аниқланганидан кейин мамлакатда коронавирус билан касалланганлар сони олтитага етди.
Қозоғистонда эса коронавирус билан касалланган ўнинчи одам аниқланган. Бемор 1986 йили туғилган қиз бўлиб, 15 март куни Истанбул шаҳридан Олма-Отага учиб келган. Бундан олдин мамлакатда тўққизта одам мазкур вирус билан касаллангани маълум бўлганди.
Улардан етти киши Олма-Отада, иккитаси Нур-Султондаги стационарда даволанмоқда. Коронавирус билан касалланган яна бир қозоғистонлик Германияда аниқланган.
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўз чегарасини беркитган, ўқув юртлари ва болалар боғчалари ёпилган, Наврўз байрами ва бошқа тадбирлар бекор қилинган. Икки мамлакат бошқа давлатлар билан авиа, темир йўл, автомобиль алоқаларини тўхтатди.
Ўзбекистонда коронавирусга қарши самарали курашиш мақсадида илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида амалий лойиҳалар танлови эълон қилинди.