Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) 31 мартга режалаштирилган миллий жамоанинг тожикистонликлар билан ўйинини бекор қилди. Бу ҳақда Тожикистон футбол лигаси сайтида хабар берилган.
COVID-19 вируси эпидемияси туфайли шундай қарорга келинган. Ўзбекистон 16 мартдан вируснинг республика ҳудудига кирмаслиги учун ўз чегарасини ёпди. 31 март куни Тожикистон ва Ўзбекистон футболчилари ўртасида мусобақа ўтказилиши аввали эълон қилинмаган. Бу санада Тожикистон ва Ҳиндистон футболчилари учрашиши керак эди. Коронавирус туфайли бу ўйин ҳам бекор қилинганди.
Лекин шунга қарамасдан ЎФА сайтида 26 март куни Тошкентда Арманистон терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашуви ўтказилиши афишаси ҳамон турибди.
Март ойи бошида Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) 26-31 мартга белгиланган дунё чемпионатига саралаш ўйинларини бекор қилди. Шунингдек, чемпионлар Лигаси ва ОФК кубоги ўйинлари ҳам кеч муддатга кўчирилди.
Футбол бўйича Ўзбекистон ва Тожикистон терма жамоалари беш марта учрашган: ўзбекистонлик футболчилар уч марта ғалаба қозониб, иккита ўйинни дуранг натижа билан якунладилар. Охирги марта икки давлат терма жамоалари 2011 йил дунё чемпионати саралаш ўйинларида дуч келганди. Ўшанда, Тошкентда бўлиб ўтган ўйинда ўзбекистонликлар 3:0 ҳисобида ғалабани қўлга киритгандилар.