Coca-Cola компанияси Ўзбекистонга $31 млн сармоя киритади

Ecomarkaz.uz сайти фотосурати

Coca-Cola Ichimligi Uzbekistaniston Ltd. компанияси Ўзбекистонга 2020–2021 йиллари $31 млн сармоя киритишни режалаштирган. Бу ҳақда «Ўзбекозиқовқатхолдинг» компанияси Telegram-каналида хабар беради.

Маълумки, Ўзбекистонда Coca-Cola компаниясининг назорат пакети давлат холдинги тасарруфида.

Бундай қарор хориж мутахассислари билан ҳамкорликда республика ички бозорини салқин ичимликларга бўлган эҳтиёжини ўрганишдан келиб чиққан. Тадқиқотларга кўра, яқин 10 йил ичида Ўзбекистон аҳолисининг кўпайиши ва туристлар оқимининг ортиб бораётгани сабаб салқин ичимликлар бозори 1,8 бараварга кўпаяди.

Наманган, Урганч ва Тошкентдаги заводларни қувватини ошириш учун уларни модернизация қилиш керак. Пировардида, логистика учун ҳаражатлар камайиб, заводлар фаолият юритаётган вилоятларга солиқ тушумлари кўпаяди.

2019 йили компаниянинг алкоголсиз ичимликлар бозоридаги ҳиссаси 25 фоизга, ширинли газланган ичимликлар бўйича эса 50 фоизга ортган. Компания 2018 йили ишлаб чиқаришни 38 фоизга, 2019 йили 33 фоизга оширган.

Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston Ltd. қўшма корхонаси 1993 йили ташкил топган. Ҳозирда компаниянинг 57,1% акцияси «Ўзбекозиқовқатхолдинг», 42,9% — The Coca-Cola Export Corporationга тегишли. Компания заводларида Coca-Cola, Fanta, Sprite, Bonaqua ва Fuse Tea мавдо маркаларида салқин ичимликлар ишлаб чиқарилади. 2018 йили давлат ўз ҳиссасини хориж инвесторига сотмоқчи бўлди, лекин келишув амалга ошмади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ