Туркияда коронавирус билан касалланган биринчи одам аниқланган. Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазири Фахриддин Хўжанинг таъкидлашича, вирус юқтирган одам яқинда Европадан қайтган. Касаллик аниқланган эркак киши ўзини яхши хис қилмоқда ва у карантинга олинган, деб хабар беради Anadolu агентлиги.
Коронавирусга чалинган инсоннинг оила аъзолари, у мулоқотда бўлган одамлар назорат остига олинган.
«Коронавирус қайд этилган бир-иккита ҳолатни эпидемия дейиш ярамайди», — дея одамларни тинчлантиради Хўжа. Вазир мазкур «глобал муаммо»га қарши Туркиянинг миллий дастури борлигини қайд этди.
«Биз кўраётган чоралардан коронавирус устун эмас. Битта касал жамият учун хавф туғдиролмайди. Илтимос, зарур бўлмаган ҳолатда хорижга чиқманг. Коронавирусга қарши вазирлик томонидан ишлаб чиқилган йўриқномага амал қилинг», — деган у.
Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазири одамлар билан мулоқотни камайтиришни, қари одамларга ғамхўрлик кўрсатишни маслаҳат берган. Унинг таъкидлашича, матбуотда қайд этилган коронавирусга чалинган 86 ёшли америкалик аёл Туркияга кирмаган, фақат аэропортда транзит йўловчи бўлган.
Боливияда дастлабки COVID-2019 билан касалланган иккита одам қайд этилди. Бу ҳақда мамлакат Соғлиқни сақлаш ташкилоти Twitter да хабар беради.
SCMP маълумотига кўра, бугунги кунда дунёда коронавирус билан касалланганлар сони 114 744 одамни ташкил этади, ўлганлар сони 4288 дан иборат