Қозоғистон ва Ўзбекистон боксчилари Олимпиада қатнашиш учун ўн тўртта йўлланмани қўлга киритдилар

Василий Левит . Voxpopuli.kz сайти фотосурати

Қозоғистон ва Ўзбекистон боксчилари 2020 йил Олимпиадасида қатнашиш учун 14 та йўлланмани қўлга киритдилар, деб хабар беради olympicchanel.

Олимпиадада иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун спортчилар Осиё ва Океания зонаси турнирининг ярим финал босқичига чиқишлари зарур эди. Бу вазифани саккизта қозоғистонлик ва олтита ўзбекистонлик чарм қўлқоп эгалари амаллади. Қирғизистон ва Тожикистон спортчиларининг омади юришмади. Туркман боксчилари эса турнирга келишмади.

Олимпиадада қозоғистонлик спортчи Серик Темиржонов (-57 кг), Зокир Саффиуллин (-63 кг), Аблайхан Жуссупов (-69 кг), Абилхан Аманқулов (-75 кг), Бекзод Нурдаулетов (-81 кг), Василий Левит (-91 кг), Қамшибек Кункабаев (+91 кг) ва Надежда Рябец (-75 кг) иштирок этади.

Ўзбекистон номидан эса олимпия чемпиони Шаҳобиддин Зоиров (-52 кг), Миразизбек Мирзаҳалилов (-57 кг), Элнур Абдураимов (-63 кг), Бобоусмон Батуров (-69 кг), Санжар Турсунов (-91 кг) ва Баҳодир Жалолов (+91 кг) Олимпиада мусобақаларида қатнашади.

Барча боксчилар 10 март куни бўлиб ўтадиган ярим финал жангларида иштирок этадилар.

Хитойнинг Ухань шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган бокс бўйича Олимпия саралаш мусобақалари коронавирус туфайли Иорданиянинг Оммон шаҳрига кўчирилганди. Мусобақалар 3-11 март кунлари бўлиб ўтади. Турнирда 35 мамлакатдан 200 дан ортиқ спортчи қатнашади. Олимпиаданинг саралаш ўйинлари, шунингдек май ойида Парижда ҳам бўлиб ўтади.

Токио Олимпиадасида эркак спортчиларининг вазн категориялари ўнтадан саккизтага камайтирилди, аёллар ўртасида эса учтадан бештагача кўпайтирилди.

2016 йили Риода бўлиб ўтган Олимпия ўйинларида ўзбекистонлик боксчилар 11 та категорияда иштирок этдилар. Медаллар бўйича Ўзбекистон спортчилари учта олтин, жами еттида медални қўлга киритиб биринчи ўринни эгалладилар. Қозоғистондан эса 12 нафар боксчи қатнашиб, бешта медални қўлга киритди. Битта олтин медаль билан қозоғистонликлар тўртинчи ўринни эгаллагандилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ