Малайзия компанияси Урганчда учувчилар тайёрлаш маркази ва логистика хабини очади

Ўзбекистон транспорт вазири Элёр Ғаниев (чапда) малайзияликлар билан музокара олиб бормоқда. Mintrans.uz сайти фотосурати

Малайзиянинг Midlands Aviation Pacific Asia компанияси Урганчда учувчиларни тайёрлаш маркази ва логистика хабини очиш ниятида. Буни 9 март куни Тошкентда компаниянинг ижрочи директори Радж Дарйрадж Ўзбекистон транспорт вазири Элёр Ғаниев билан учрашган чоғида маълум қилди, деб хабар беради вазирлик сайти.

Ўзбекистондан юкларни хорижга ташиш учун Урганчда логистика хабини ташкиллаштириш масаласини Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчиси Равшан Усмонов февраль ойида Куала-Лумпурда бўлиб ўтган Малайзия-Ўзбекистон савдо палатаси бош директори (Malaysian-Uzbekistan Chamber of Commerce – MUCC) Радж Дарайрадж билан учрашувда муҳокама қилганди. Бу гал томонлар ушбу масала бўйича махсус ишчи гуруҳини ташкил этишга келишиб олдилар.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазири Элёр Ғаниев республикада янги инвестицион лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдираётган хорижий компания вакилларига фуқаро авиацияси соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Хусусан, вазир парвозлар географиясини кенгайтириш, хорижий авиакомпанияларни Ўзбекистон аэропортларига кўпроқ жалб этиш мақсадида «Қарши», «Нукус» ва «Термез» халқаро аэропортларида «бешинчи ҳаво эркинлиги» тартиби қўлланилгани, шунингдек «Бухоро» аэропортида чет давлатлар фуқароларини ташишда “Очиқ осмон” режими жорий этилгани, “Навоий” ва “Термиз” аэропортларида эса юк ташувлари учун “еттинчи ҳаво эркинлиги” тартиби қўлланилган ҳолда “Очиқ осмон” режимини жорий этиш бўйича ишлар олиб борилаётганини таъкидлаб ўтди

Midlands Aviation Pacific Asia — 2004 йили Малайзияда рўйхатга олинган масъулияти чекланган хусусий компания ҳисобланади. 2019 йили сентябрда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси мазкур компания билан «зиёрат туризми» бўйича ҳамкорлик қилишга уринди.

Ўзбекистонга хориж компанияларини жалб қилиш мақсадида шу йилнинг февраль ойида Тошкентда UAALF-2020 Халқаро авиация форуми ўтказилди. Унда ўндан ортиқ чет эл авиакомпаниялари иштирок этди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ