Ўзбекистон камбағалликка қарши курашга $700 млн сарфлайди

Евгений Чубко фотосурати («Фарғона»)

2020 йили Ўзбекистон камбағалликка қарши кураш доирасида $ 700 млн сарфлайди. Бу ҳақда республика президенти Шавкат Мирзиёев Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган анжуманда гапириб ўтди.

«Айни вақтда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Жаҳон банки каби нуфузли халқаро ташкилотлар, Хитой Халқ Республикаси ва бошқа давлатлар билан тадбиркорлик ва хусусий бизнесни ривожлантириш, камбағалликка қарши кураш бўйича шу йилнинг ўзида 700 миллион долларлик дастурларни амалга оширишни кўзда тутмоқдамиз», — деди президент.

«Бир ҳақиқатни аниқ тушуниб олишимиз керак: камбағалликни қисқартириш учун биринчи навбатда ишсизликни камайтириш керак. Аввало, аҳолини замонавий касб-ҳунарларга ўқитиш, уларнинг иқтисодий ва молиявий саводхонлигини ошириш, одамларда, айниқса аёлларимизда тадбиркорликка иштиёқни уйғотиш зарур», — дея президент 27 февралда табдиркорлик орқали камбағалликни қисқартиришга бағишланган видеоселекторда айтган сўзларини такрорлади.

Мирзиёев 24 январда парламентга йўллаган мурожаатномасида камбағалликка қарши кураш устувор вазифа эканига урғу берганди. Шундан сўнг Бош вазирнинг молия-иқтисод масалалари ва камбағалликни қисқартириш бўйича ўринбосари лавозими жорий этилди.

Кам таъминланган оилаларни тадбиркорликка жалб қилиш мақсадида фервалда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилди. Президент фармонида маҳалла, туман, шаҳар, вилоят ва республика миқёсида камбағалликни камайтириш масалалари бўйича масъуллар аниқланди.

Мирзиёевга кўра, камбағалликни камайтириш масаласи фақат манзилли молиявий ёрдам кўрсатиш билан чегараланмасдан, кам таъминланган аҳоли қатламини тадбиркорликка ўқитиш, инфратузилмаларни яхшилаш ишлари билан бирга олиб борилиши лозим. Ёлғиз ва кўп болали аёлларни чеварчилик, ошпазлик каби ҳунарларга ўргатиш, тадбиркорлик ривожланган аҳоли зич яшайдиган ҳудудларда саноат зоналарини яратиш ишлари амалга оширилади.