«Андижон» футбол клуби сафини иккита нигериялик ўйинчи билан тўлдирди

Эммануэл Аривачукву . Stadion.uz сайти фотосурати

«Андижон» футбол клуби нигериялик ҳимоячи Эммануэл Аривачукву ва ярим ҳимоячи Микаэл Ибе билан шартнома тузди. Бу ҳақда Championat.Asia хабар беради..

Спортчилар жамоа таркибида ва 8 март куни Суперлиганинг иккинчи тури доирасида ўтадиган «Андижон» — «Насаф» клублари жангига хозирлик кўрмоқдалар.

Эммануэл Аривачукву Нигериянинг қатор футбол клубларида тўп сурган, шунингдек Олий лига клуби — «Аква Юнайтед» таркибида ўйинларда иштирок этган. У Бангладешнинг «Шайх Жамол», ҳиндларнинг «Черчилл Бразерс», суданликларнинг «Ал-Ҳилол» футбол клубларида ўйнаган. У сўнгги йилларда Ироқнинг «Нафт Майсан» жамоаси таркибида бўлган. 26 ёшли ҳимоячи Нигерия терма жамоасида бир марта тўп сурган.

Микаэл Ибе ўз карьерасини Нигериянинг «Абиа Варриорс» клубида бошлаган, кейинчалик «Аква Юнайтед» жамоасига ўтган. У 2019 йили баҳорда Иорданиянинг «Ал-Кармел» клуби билан шартнома имзолайди. Октябрда 24 ёшли ярим ҳимоячи Нигерияга қайтади ва мамлакат чемпиони бўлмиш «Плато Юнайтед» билан шартнома тузади.

«Андижон» клуби таркибида яна учта легионер бор — украиналик Дмитро Зозуля, молдаван Артем Литвяков ва Тринидада ва Тобаго вакили Уэсли Жон. Трансфер Ўзбекистонда 7 март куни тугайди.

«Андижон» футбол клуби ўтган йили Суперлигага қайтди ва турнир жадвалининг ўнинчи қаторидан жой олди. Жорий йилни жамоа Тошкентнинг «Локомотив» командасига 1:2 ҳисобида ўйинни бой бериш билан бошлади. Ишқибозлардан бирининг «Фарғона» таҳририятига айтишича, клуб молиявий муаммоларни бошдан кечирмоқда ва вилоят раҳбарияти кўмагисиз қолиши мумкин. Футбол мутахассиси Алишер Никимбаев ўзининг Telegram -каналида ёзишича, футзал бўйича ўйинда аёллар жамоаси иштирок этмагани сабаб «Андижон» Суперлигада қатнашиш имкониятини бой бериши мумкин.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди

  • Таъсир доираси ўз ватани сарҳадларидан ошиб ўтган турк илоҳиётчиси Фатҳуллоҳ Гулен аслида ким бўлган?