Ўзбекистон Халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича Гаага конференциясига аъзо бўлди

Адлия вазири Русланбек Давлетов Ўзбекистоннинг конференцияга қўшилиш маросимида. Адлия вазирлиги матбуот хизматининг фотосурати

Ўзбекистон Халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича Гаага конференциясига (ХХҲГК) аъзо бўлди, деб хабар беради Адлия вазирлиги Telegram-канали. 4 март куни Ўзбекистон мазкур ташкилотга расман аъзо бўлган.

Бугунга қадар конференция дунёнинг 82 та давлати ва Европа Иттифоқини ўзига бирлаштирган эди. Доминикан республикаси ва Ўзбекистоннинг қўшилиши билан аъзо давлатлар сони 85 тага етди.

Аъзолик Халқаро оила ва хусусий ҳуқуқ нормаларини мувофиқлаштириш, дунё андозалари меъёрида ҳуқуқий тизимни ривожлантириш, мамлакатнинг хориждаги фуқаролари ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтиришга имкон беради, дейилади вазирлик хабарида.

Ўзбекистон Гааганинг учта конференцисига аъзо бўлган. Булар — Фуқаролик жараёни масалалари бўйича конвенция (1954), Чет эл расмий ҳужжатларини легаллаштириш талабини бекор қилувчи конвенция (1961), Халқаро болаларни ўғирлашнинг фуқаролик жиҳатлари бўйича конвенциядир (1980).

Ўзбекистон учун, хусусан, унинг фуқаролари учун ХХҲГКга аъзо бўлганда Халқаро-ҳуқуқий ёрдам тизими соддалашади ва осонлашади, Халқаро-ҳуқуқий ёрдам эҳтиёжига учраган фуқароларга кенгроқ имкониятлар яратилади, Фуқаролик-ҳуқуқий соҳага оид халқаро низолар самарали, тез ва кам харажат билан бартараф этилади, Миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига ижобий таъсир бўлади, Ўзбекистонда халқаро хусусий ҳуқуқ илмининг ривожланишига ёрдам беради.

Шу билан бир қаторда, мазкур халқаро ташкилот фаолиятида Ўзбекистоннинг тўлақонли аъзо сифатидаги фаолияти келажакда қабул қилинадиган халқаро ҳужжатларда миллий манфаатларни ҳам акс эттириш имконини яратади.

Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов мигрантларни тан олмаганди, уларни миллатни камситаётган «дангасалар», деб атаган. Шавкат Мирзиёев республикага раҳбар бўлганидан кейин хорижда меҳнат қилаётган ватандошлар доимо ҳукуматнинг диққат марказида бўлди.

2018 йили $26 бюджетга эга Меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги қошида Ташқи миграция масалалари бўйича агентлик барпо этилди.

2019 йили хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини юритаётган Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш департаменти ва Ташқи миграция масалалари бўйича давлат комиссияси тузилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ